Андижон 24

АНДИЖОНДА КЎП КВАРТИРАЛИ УЙЛАРНИ КАПИТАЛ ТАЪМИРЛАШНИ МОЛИЯЛАШТИРИШ УЧУН МАХСУС ЖАМҒАРМА ТАШКИЛ ЭТИЛДИ


27.07.2020   2587

Сўнгги уч йил давомида республикада мавжуд кўп квартирали уй-жой фондини таъмирлаш борасида салмоқли ишлар амалга оширилди. 2017 йилда таъмирга муҳтож бўлган 29 минг 400дан ортиқ кўп квартирали уйлардан 2017–2019 йилларда 22 минг 700 дан ортиқ кўп квартирали уйлар таъмирланди.

Шу йиллар давомида кўп квартирали уйларни таъмирлаш ишларини молиялаштириш учун асосан тижорат банкларининг маблағлари жалб этилди. Жумладан, ушбу мақсадларда 1 трлн 667 млрд сўм маблағ сарфланган бўлса, бундан 1 трлн 364 млрд сўм (81,8 фоиз) тижорат банкларининг ширкатларга ажратилган кредитлари ташкил этади, қолган 290 млрд сўм (17,4 фоиз) маҳаллий бюджет ва 13 млрд. сўм (0,8 фоиз), хусусий уй-жой мулкдорлари ширкатларининг ўз маблағларига тўғри келади.

Бугунги кунга келиб, ширкатлар молиявий-иқтисодий ночор ҳолатда бўлганлиги учун ажратилган кредит маблағлари ўз вақтида тижорат банкларига қайтарилмаяпти.

Мисол учун, 1 100 та (25 фоиз) атрофида ширкат иқтисодий ночор ҳолатда. Тижорат банклар олдидаги ширкатларнинг қарздорлигини қисқартириш бўйича кўрилаётган чораларга қарамасдан, мазкур 1 100 та ширкатнинг банк кредитлари бўйича муддати ўтган қарздорлиги 61 млрд сўмга етган. Юзага келган ҳолатда тижорат банклар томонидан келгусида ширкатларга кредитларни ажратилишида бир қанча муаммолар пайдо бўлмоқда.

Шу билан бирга, жорий йилда республика бўйича 3 212 та таъмирга муҳтож уйларни куз-қиш мавсумига тайёрлаш учун ҳисоб-китобларга кўра 175 млрд. сўм талаб этилади.

Ушбу ҳолат кўп квартирали уйларни таъмирлаш ишларини молиялаштириш механизмини қайта кўриб чиқишни ва янгича ёндашувларни жорий этишни тақозо этмоқда.

Кейинги уч йил давомида тўпланган тажриба ва йўл қўйилган камчиликлар таҳлили ҳамда бу борада ривожланган хорижий давлатлар тажрибасидан келиб чиққан ҳолда Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги томонидан кўп квартирали уйларни таъмирлаш ишларини молиялаштириш бўйича янги механизм жорий этилмоқда.

Бунда, Қорақалпоғистон Республикаси ва барча вилоятларда кўп квартирали уй-жой фондини капитал таъмирлашни молиялаштириш учун махсус жамғарма ташкил этилиши кўзда тутилмоқда.

Мазкур Жамғарма маблағлари вилоят (туман, шаҳар) ҳокимликларининг бюджетдан ташқари маблағлари, уй-жой мулкдорларининг мажбурий бадаллари, Халқаро молия институтлари кредитлари ва грант маблағлари, Ўзбекистон Республикаси тижорат банклари кредитлари ҳамда қонун билан тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан шакллантирилади.

Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги ва Андижон вилояти хокимлиги ташаббуси билан республикада илк бор ушбу жамғарма Андижон вилоятида ташкил этилди. Бу ҳақда Kun.uz’га вазирлик ахборот хизмати маълумот берди.

Жорий йилнинг 24 июль куни Ўзбекистон Республикаси Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазири ҳамда Андижон вилояти хокими «Кўп қаватли уй-жой фондини капитал таъмирлаш жамғармаси маблағларидан фойдаланиш тартиби тўғрисида»ги қўшма қарорни имзоланди.

Қўшма қарор Ўзбекистон бош вазирининг биринчи ўринбосари О.Раматов томонидан тасдиқланган, «Андижон вилоятининг шаҳар ва туманларини ривожлантириш бўйича вазирликлар, идоралар хўжалик бирлашмалари ҳамда Андижон вилояти, шаҳар ва туманлари ҳокимликлари томонидан 2020 йилда амалга ошириладиган чора-тадбирлар» дастури ижроси доирасида қабул қилинди.

Қўшма қарорга асосан Кўп қаватли уй-жой фондини капитал таъмирлаш ишларини молиялаштириш жамғармаси юридик шахс ташкил этмасдан Андижон вилояти Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш бошқармаси ҳузурида ташкил этилди.

Қўшма қарор билан «Кўп квартирали уй-жой фондини капитал таъмирлаш жамғармаси маблағларидан фойдаланиш тартиби тўғрисида»ги Низом тасдиқланди.

Жамғарма маблағлари Ўзбекистон Республикаси Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги билан келишилган ҳолда Андижон вилояти ҳокимлиги томонидан тасдиқланган манзилли рўйхат асосида сарфланади. Жорий йилда Андижон вилоятида таъмирга муҳтож бўлган 48 та кўп квартирали уйларни куз-қиш мавсумига тайёрлаш учун таъмирлаш ишлари айнан шу жамғармадан молиялаштирилади.

Кўп квартирали уйларни таъмирлаш бўйича буюртмачи функциясини Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги ҳузуридаги «Кўп квартирали уйлар, иссиқлик таъминоти объектларини қуриш бўйича инжиниринг компанияси»нинг Андижон вилояти филиали, бош пудратчи функциясини вилоят «Таъмирлаш-тиклаш хизмати» ДУК амалга оширади.

Жамғарма маблағларидан мақсадли фойдаланишни назорат қилиш ва белгиланган таъмирлаш ишларини мувофиқлаштириш Низомда кўрсатилган Ишчи гуруҳ ҳамда Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги ҳузуридаги «Уйжойфондинспекцияси»нинг Андижон вилояти ҳудудий инспекцияси ва Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш бошқармаси зиммасига юклатилган.

Низомда кўп квартирали уйларни таъмирлаш бўйича амалга оширилган иш хажми Ишчи гуруҳ томонидан қабул қилиниши кўзда тутилган.

Кўп квартирали уй-жой фондини таъмирлашни молиялаштириш бўйича жорий этилаётган янги механизм капитал таъмирлаш ишлари шаффофлигини ва маблағларнинг мақсадли сарфланишини таъминлашга, лойиҳа-смета ҳужжатлари ва таъмирлаш ишларини ўз вақтида ва сифатли амалга оширилишига, шунингдек бу борада ўтган йиллар давомида йўл қўйилган камчиликларнинг олдини олишга хизмат қилади. Жамғарманинг ташкил этилишидан кўзланган пировард мақсад — кўп квартирали уйларда истиқомат қилувчи аҳоли учун қулай яшаш шароитларини яратиш.

Вазирлик ахборот хизматига кўра, Андижон тажрибасидан келиб чиққан ҳолда кўп қаватли уй-жой фонди капитал таъмирлаш ишларини молиялаштириш жамғармаси Қорақалпоғистон Республикаси ва барча вилоятларда ташкил этилади.