Андижон 24

АНДИЖОНДА ҲУНАРМАНДЧИЛИК ВА «УСТА-ШОГИРД» АНЪАНАСИ АСОСИДА 5555 ТА ЯНГИ ИШ ЎРНИ ЯРАТИЛДИ


25.07.2020   3483

Андижон вилоятида 77 мингдан зиёд хотин-қизлар ишсиз сифатида қайд этилган. Йил аввалида улар учун 37 минг 458 та иш ўрнияратиш режалаштирилган эди. Жорий йилнинг олти ойи мобайнида амалда 53 минг 536 нафар аёлнинг бандлиги таъминланди.

Андижон шаҳридаги Ёшлар марказида бўлиб ўтган вилоят ҳокимининг хотин-қизлар билан мулоқотида айни масала муҳокама этилди.

Яратилган иш ўринларининг 3803 таси вилоятни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастури асосида ишга туширилган 33 та корхоналар ҳисобига тўғри келади.

Яна 26 мингдан зиёд хотин-қизлар боғ ораларидан ажратилган, буғдойдан бўшаган ер майдонларда қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш билан банд. Иш билан таъминлашда тадбиркорлик ва ҳунармандчиликни ривожлантириш муҳим омил бўлмоқда. Тижорат банклари томонидан 1906 нафар аёлга 139 млрд. сўмдан зиёд кредит маблағлари ажратилди. Шунингдек, “Ҳар бир оила тадбиркор” дастури доирасида 2046 нафар хотин-қизларга 58 млрд. сўм кредит эвазига 2816 та иш ўрни ташкил қилинди. Ҳунармандчилик ва “уста-шогирд” анъанаси асосида 12,5 млрд. сўм кредит маблағлари ҳисобига 5555 та иш ўрни юзага келди.

Мулоқот давомида акциядорлик-тижорат “Халқ банки” ресусрларидан 114 нафар ҳамда Касаба уюшмалари Федерацияси томонидан тақдим этилган маблағлардан 20 нафар тадбиркор аёлга имтиёзли кредит олиш ҳуқуқини берувчи сертификатлар топширилди.

Шундай сертификатлардан бирининг соҳибаси Гулсорахон Қосимова Булоқбоши туманида истиқомат қилади. Ёш тадбиркор муқаддам 50 нафар кичкинтойга мўлжалланган иккита уй боғчасини ташкил этган эди.

-Энди туманимизда аёллар соғломлаштириш марказини ташкил этиш лойиҳаси устида ишламоқдаман, - дейди Гулсорахон. – Бунга 30 миллион сўм кредит оламан. Янги иш ўринлари яратилади. 15 фоизли имтиёзли кредитни белгиланган муддатда қайтариш имкониятим бор.

Очиқ мулоқот мобайнида ижтимоий қийин ҳолатдаги хотин-қизлардан мурожаатлар тушди. Вилоят ҳокими кўтарилган муамоларни ҳал қилиш юзасидан топшириқлар берди.

«auz.uz» online гуруҳи.