Андижон 24

АНДИЖОНДА «ҲУҚУҚИЙ БИЛИМЛАР КУНИ» ФЛЕШМОБИ ЎТКАЗИЛДИ


12.10.2019   1336

12 сентябрь, шанба куни Андижон шаҳридаги Ўзбегим савдо мажмуаси атрофида Адлия ҳамда Давлат хизматлари агентлиги вилоят бошқармалари ҳамкорлигида “Ҳуқуқий билимлар куни” шиори остида флешмоб ўтказилди. Бу ҳақда “auz.uz” мухбири Умиджон Мамарасулов хабар бермоқда

Адлия вазирлиги томонидан аҳолининг ҳуқуқий билимини баҳолаш ва рағбатлантириш, фуқароларнинг ҳуқуқий саводхонлигини юксалтириш, шунингдек қонун ҳужжатларининг мазмун-моҳияти ва аҳамиятини аҳолига етказиш бўйича ишлар самарадорлигини ошириш мақсадида ташкил этилган флешмобда таълим муассасалари уч юздан ортиқ ўқувчилари ва талабалари иштирок этдилар.

Флешмобда доирасида уларга ҳудудий адлия органлари, нотариуслар ва адвокатлар, давлат хизматлари марказлари ходимлари томонидан бепул ҳуқуқий маслаҳат ва тушунчалар берилди.

Шунингдек, аҳоли билиши лозим бўлган уй-жой, оила, солиқ, банк, тадбиркорлик, ер, меҳнат ва таълим қонунчилигига оид, ижтимоий таъминот ва ижтимоий суғурта билан боғлиқ муносабатлар, истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва бошқа соҳалардаги асосий ҳуқуқий масала ва тушунчаларни ўзида жамлаган қўлланма, буклет ва флаерлар бепул тарқатилди.

Тадбир давомида ёшларни ҳуқуқий билимларга қизиқтириш ҳамда уларнинг ҳуқуқий саводхонлигини оширишга рағбатлантириш учун турли танлов-тестлар, викториналар, ҳуқуқий тарғиботга доир бошқа акциялар ва турли танловлар ташкил этилди.

Ҳуқуқий тестларга тўғри жавоб берганлар ташкилотчиларнинг қимматбаҳо эсдалик совғалари билан тақдирландилар.