Андижон 24

АНДИЖОНДА ҲОМИЙЛИК ХАЙРИЯЛАРИНИ МУВОФИҚЛАШТИРИШ МАРКАЗ ТАШКИЛ ЭТИЛИБ, 283 ТА ОИЛАГА ДАСТЛАБКИ ОЗИҚ-ОВҚАТ МАҲСУЛОТЛАРИ ЕТКАЗИБ БЕРИЛДИ


03.04.2020   5407

Мамлакатимизда коронавируснинг кириб келиши ва тарқалишининг олдини олиш борасида кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда. Жумладан Ўзбекистон Республикасига коронавируснинг кириб келиши ва тарқалишининг олдини юзасидан чора-тадбирлар дастурини тайёрлаш бўйича республика махсус комиссияси қарори билан аҳолининг санитария-эпидемиологик осойишталигини таъминлаш мақсадида якка тартибдаги хайрия акцияларини ўтказиш жорий йилнинг 1 апрелидан эътиборан вақтинча тўхтатиш белгиланди.


Белгиланган тартибга кўра, бундан буён ногирон, ночор, эҳтиёжманд кишиларга кўрсатиладиган хайрия ёрдамлари Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бошқармасининг ҳомийлик хайрияларини мувофиқлаштириш маркази томонидан марказлашган тартибда амалга оширилади.

Андижон вилояти Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бошқармаси ҳомийлик хайрияларини мувофиқлаштириш маркази Андижон шаҳрининг Навоий шоҳ кўчасида жойлашган вилоят Нуронийлар маскани биносида ташкил этилади, — дейди Андижон вилояти ҳокимининг ўринбосари, Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бошқармаси бошлиғи Манзурахон Юнусова. – Бу каби марказлар бошқарманинг туман ва шаҳар бўлимларида ҳам иш бошлайди. Жорий этилган ушбу тартиб албатта, коронавирус инфекцияси тарқалишининг олдини олиш, халқимиз саломатлигини муҳофаза қилишга қаратилган.

Бугун илк бор марказ томонидан Андижон шаҳри, Избоскан, Пахтаобод, Асака туманларида истиқомат қилаётган 283 та эҳтиёжманд оилага ун, ўсимлик ёғи, картошка, пиёз, сабзи ҳамда совундан иборат маҳсулотлар тарқатилди.

Хайрия маҳсулотларини етказиб бериш ишлари махсус ҳимоя воситалари билан таъминланган мутахассислар томонидан инфекция юқишининг олдини олишга қаратилган чора-тадбирлар қўлланган ҳолда амалга оширилди.

– Яшаш шароитимиз оғир, — дейди Андижон шаҳри, Пистамазор маҳалласида яшовчи Омадхон Исомиддинова. – Айниқса, карантин шароитида янада қийналиб қолган эдик. Маҳалла мутасаддиларига раҳмат уйимизга озиқ-овқат маҳсулотлари олиб келиб беришди. Қийин бир шароитда биз каби эҳтиёжманд оилаларга кўмак бераётган ҳукуматимизга, Президентимизга, мана шундай хайрли ишларнинг бошидан турган барча инсонларга каттадан-катта раҳмат.

Вилоятда ҳомийлик хайрияларини тарқатиш ишларини белгиланган тартибда тизимли давом эттириш бўйича зарур чоралар кўрилган.

Ф. ИБАЙДУЛЛАЕВ, З. УМРЗОҚОВ (сурат), ЎзА

Манба: ЎзА.