ЖАМИЯТ

АНДИЖОНДА ҲАЙВОНОТ БОFИ ОЧИЛДИ


04.04.2019   2415

Вилоятимизда биринчи зоопарк ишга туширилди. Вилоят ҳокими ташаббуси билан ташкил этилган дастлабки маданий-кўнгилочар ҳайвонот боғи кенгайиб бораётган Андижон шаҳрининг Хўжаобод тумани билан туташган Хидирша массивида қад ростлади.

Беш гектар майдонда ҳақиқий эртакнамо маскан барпо этилдики, у билан танишиш нафақат болажонлар, балки катта ёшдагилар учун ҳам мароқли бўлади. Саксонга яқин қафасда турли қитъалардан келтирилган ҳайвонлар жойлаштирилган. Африка илонлари, тимсоҳлар, шерлар, гавая макакалари, эму товуси (Австралия), ўрдак ва оққушлар шулар жумласидан. Ёпиқ павильонлар қушлар ва сув ости олами вакилларига мўлжалланган.

Адирларга туташиб кетган жойнинг табиий жозибадорлги сақлаб қолинган ҳамда унга афсонавий тус берилган. қаср кўринишидаги арк кириш дарвозаси вазифасини бажаради. Аркни темир совут кийган рицарь қўриқламоқда. Тош ётқизилган йўлакларни бир қанча ҳайкал безатиб турибди. Дельфинлар, миттиодамчалар, тошбақаю, сув парилари нафақат яшил чим узра бўй кўрсатган, балки бино деворларидан бўртиб чиқққан, шифтларга ўрнатилган. Ҳарсанг тошдан тикланган турли кўринишдаги мўъжаз иншоотлар ландшафт дизайнига уйғунлашган.

Ҳайвонот боғининг юқори қисмини аттракционлар эгаллайди. Салқин ичимликлар ва музқаймоқ кафеси, автодром, батут мажмуаси, дорбозлар майдони жойлашган. Мини-поезд ва мини-автомобилларда бутун ҳудудни айланиб чиқиш мумкин.

-Лойиҳа қиймати 12 миллиард сўмни ташкил қилади, - дейди "Хон" масъулияти чекланган жамият раиси Мухторжон Ҳалилов. - Катта ҳажмдаги ишлар амалга оширилди.

Очилиш маросимида вилоят ҳокими Шуҳратбек Абдураҳмонов келажак авлод вакиллари учун яратилаётган шароитлар хусусида сўз юритди.Шу куни кам таъминланган оила фарзандлари, болалар шаҳарчасида тарбияланаётганлардан жами 700 нафар кичкинтой ҳайвонот боғининг биринчи меҳмонлари бўлдилар.

«auz.uz» online гуруҳи.