Андижон 24

АНДИЖОНДА ҲАРБИЙ ЮРИШ ВА ТЕХНИКАЛАР ПАРАДИ ЎТКАЗИЛДИ


13.01.2019   2662

13 январь якшанба куни Андижон шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ташкил этилганлигининг 27 йиллиги ва 14 январь - Ватан ҳимоячилари куни муносабати билан “Ватан муқаддас, уни ҳимоя қилиш шарафли бурчдир!” шиори остида ҳарбий юриш ва техникалар паради ўтказилди. Унда 35 мингдан ортиқ ҳарбийлар ва фуқаролар иштирок этдилар.

Соат 10-00. Эрта тонгдан Шароф Рашидов ва Амир Темур шоҳкўчалари кесишмасида қад ростлаган минбарга вилоят раҳбари бошчилигидаги мутасаддилар чиқиб келди.

Шундан сўнг, гарнизон командири вилоят ҳокими, ҳарбий-маъмурий сектор раҳбари Шуҳратбек Абдураҳмоновга ҳарбийлар, техникалар ҳамда вилоят ташкилотларидан ташкил топган иштирокчилар ҳарбий парад ва кўргазмага тайёр эканлиги ҳақида рапорт берди.

Тадбирда вилоят ҳокими сўз олиб, сўнгги йилларда Ўзбекистон Республикаси Президенти, Қуролли Кучлар Олий Бош Қўмондони Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан миллий армиямизда амалга оширилаётган ислоҳотлар самарасида мамлакатимиз мудофаа қудрати йилдан-йилга мустаҳкамланаётгани ҳақида фикр билдирди. Барчани байрам билан табриклаб, ҳарбий парадни бошлашга рухсат берди.

Дастлаб, майдон бўйлаб мудофаага кўмаклашувчи “Ватанпарвар” ташкилотига қарашли ҳарбий ва спорт автомобиллари кириб келди. Унинг ортидан юртимизда ишлаб чиқилган машиналар, ҳарбий техникалар йиғилганларга намойиш этилди.

Олқишлар остида Андижон гарнизонига қарашли ҳарбий қисмлар, Миллий гвардия, ички ишлар, мудофаа ва фавқулодда вазиятлар бошқармалари, мудофаага кўмаклашувчи “Ватанпарвар” ташкилоти, вилоят корхоналари, ташкилотлари, муассасалари,ўқув юртлари ходимларидан иборат ҳарбийлаштирилган колонналар юриши бошланди.

Машаққатли ва шарафли касб эгаларининг байрами қишнинг ўртасида нишонланишида ҳам рамзий маъно бор, зеро сарҳадларнинг дахлсизлигига масъуллар юрт осойишталиги йўлида барча қийинчиликларга тайёр турадилар. Қишнинг экватори бўлишига қарамай, қуёшли, илиқ об-ҳавобайрам кайфиятига кайфият қўшди.

Ҳарбий техникалар, отлиқ аскарлар, ҳарбийлаштирилган парад иштирокчилари саф-саф бўлиб, Шароф Рашидов, Амир Темур кўчаси ҳамда Навоий шоҳкўчаси орқали тантанали юриш қилдилар. Зирҳли, жанговар ўқ отар воситалари билан қуролланган бу қудрали машиналар Қуролли Қучларнинг имкониятларидан далолат бериб турибди. Қарийб 3 километрга чузилган йўналиш бўйлаб тизилиб турган аҳоли вакиллари ҳарбийларни гуллар ва олқишлар билан кузатдилар. Айниқса, ҳарбий оркестрнинг куйлари дилларда акс-садо берди.

-Бугунги тадбир менда жуда катта таассурот уйғотмоқда,- дейди Андижон шаҳри А. Фитрат кўчасининг 123-уйида истиқомат қилувчи меҳнат фахрийси Сойибжон Абдураҳмонов. – Тадбир давомида янграган Ватан мадҳини тараннум этувчи шеър, қўшиқлар, саҳна кўринишлари фарзандларимизни ватанпарварлик руҳида тарбиялашга хизмат қилади.

-Тадбирда намойиш этилган саҳна кўринишларидан шунга амин бўлдимки, бугунги авлод Ватаннинг муносиб ворислари бўлиб камол топмоқдалар, - дея суҳбатга қўшилади уй бекаси Дилфузахон Собирова. –Улардаги шижоат, кўзларида порлаган учқун мустақил давлатимиз ишончли қўлларда эканлигидан далолатдир.

www.auz.uz онлайн гуруҳи