Андижон 24

АНДИЖОНДА КАРАНТИН ДАВРИДА АВТОМАШИНАЛАРГА РУХСАТНОМА ОЛИШ БЎЙИЧА 11 МИНГГА ЯҚИН АРИЗА КЎРИБ ЧИҚИЛДИ. ШУНДАН 1016 ТАСИГА МАХСУС РУХСАТНОМАЛАР БЕРИЛДИ


07.04.2020   1975

Андижонда карантин даврида автомашиналарга рухсатнома олиш бўйича 11 мингга яқин ариза кўриб чиқилди. Шундан 1016 тасига қонуний тартибда ҳаракатланиш учун махсус рухсатномалар берилди. Бу ҳақда Давлат хизматлари агентилиги Андижон вилояти бошқармаси ахборот хизмати раҳбари Умиджон Мамарасулов хабар бермоқда.

Автомашиналарнинг ҳаракатланиши учун махсус рухсатномалар бериш бўйича Давлат хизматлари марказларига 6 апрель кунига қадар 10960 та ариза келиб тушган. Шундан 9308 таси рад этилиб, 1016 та автомобилга махсус рухсатномалар берилган.

ДХА директорининг BMW Х7 ва Mercedes’ларига рухсат олишга ариза бераётган «уддабурон»ларга қилган мурожаатидан сўнг 636 та ариза эса олувчиларнинг ўзлари томонидан қайтариб олинди.

Аризаларни кўриб чиқиш жараёнида 100 га яқин ариза қимматбаҳо маркадаги автомашина эгалари томонидан тақдим этилгани ва етарли асосга эга эмаслиги учун рад этилган. Шунингдек, стикер олиш тоифаларига мос келмаганлар томонидан аризалар юборилиши, белгиланган ҳужжатларни тўлиқ тақдим этмаслик ҳолатлари ҳам рад жавоби берилишига асос бўлмоқда.

Махсус рухсатнома ёки тегишли ваколатга эга бўлмай, чеклов ўрнатилган ҳудудида машина бошқариб кетаётган ҳайдовчиларга нисбатан махсус рейдлар бошланди.

Таъкидлаш жоиз, автомашинада ҳаракатланиш ҳуқуқини берувчи ушбу махсус рухсатномани қалбакилаштириш, уни сотиш, қалбаки эканлигини била туриб ундан фойдаланиш Жиноят кодексининг 228-моддаси (Ҳужжатлар, штамплар, муҳрлар, бланкалар тайёрлаш, уларни қалбакилаштириш, сотиш ёки улардан фойдаланиш) га асосан жавобгарликка асос бўлади.