Андижон 24

АНДИЖОНДА «КАРАНТИН COVID-19» МАХСУС РУХСАТНОМАСИНИ СОХТАЛАШТИРГАН ШАХСЛАР УШЛАНДИ


31.03.2020   4396

Андижон вилоятида транспорт воситасидан фойдаланиш ҳуқуқини берувчи махсус рухсатномаларни сохталаштирган шахслар қўлга олинди, дея хабар беради Андижон вилояти ИИБ ахборот хизмати.

Андижон ИИБга мазкур жиноят иши сохта ҳужжатлар тайёрлагани учун муқаддам судланган фуқаро А.Ш. томонидан амалга оширилаётгани ҳақида хабар берилган.

Шунга асосан Олтинкўл ИИБ ҳамда вилоят йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси ходимлари билан ҳамкорликда тезкор тадбир ўтказилган.

Тадбирда фуқаро А.Ш. яқин қариндоши А.З. билан бир гуруҳ бўлиб, Андижон шаҳри, Чинобод кўчасида жойлашган яшаш хонадонида «Карантин COVID-19» махсус рухсатномасини рангли принтер ёрдамида тайёрлаб, 100 минг сўм эвазига таниши А.У. га берганлиги, А.У. эса ушбу ҳужжатдан фойдаланган ҳолда ўзига тегишли Damas русумли автомашинада шаҳар бўйлаб ҳаракатланиб юрганлиги аниқланган.

Шунингдек, А.Ш.нинг уйидан сохта 7 дона «Карантин COVID-19» махсус рухсатнома, эски турдаги ҳайдовчилик гувоҳномалари ва талонлари, нотариус томонидан берилган ишончномалар топилган ва баённома орқали ашёвий далил сифатида олинган.

Мазкур ҳолат юзасидан Олтинкўл ИИБ ҳузуридаги тергов бўлинмаси томонидан А.Ш ва А.З.ларга нисбатан Жиноят кодексининг 168-моддаси 2-қисми «б» банди (такроран ёки хавфли рецидивист томонидан фирибгарлик) 228-моддаси 2-қисмининг «б» (бир гуруҳ шахслар томонидан олдиндан тил бириктириб, ҳужжатлар, штамплар, муҳрлар, бланкалар тайёрлаш, уларни қалбакилаштириш, сотиш ёки улардан фойдаланиш) банди ва 228-моддаси 3-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, қамоққа олиш эҳтиёт чораси қўлланилган.

Ҳозирда ушбу ҳолат бўйича дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Манба: daryo.uz