Андижон 24

АНДИЖОНДА ИЛК БОР 5 НАФАР БЕМОР БОЛАДА ОЧИҚ УСУЛДАГИ КАРДИОЖАРРОҲЛИК АМАЛИЁТИ МУВАФФАҚИЯТЛИ ЎТКАЗИЛДИ


11.12.2020   699

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг маълумотига кўра, ҳар йили ҳар юз минг чақалоқдан олти-ўн нафари туғма юрак нуқсони билан туғилади. Шу боис ушбухасталикнинг олдини олиш, эрта аниқлаш ва бемор болаларни дарддан фориғ этиш замонавий тиббиёт олдидаги долзарб вазифалар сирасига киради. Мамлакатимизда бу борадаги муҳим вазифаларни ҳаётга татбиқ этишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Ҳозир болаларда учрайдиган туғма юрак нуқсонларидек мураккаб жарроҳлик амалиётлари республика ихтисослашган хирургия илмий-амалий тиббиёт марказининг кардиожарроҳлик мутахассислари кўмагида Андижон вилоят болалар кўп тармоқли тиббиёт марказида муваффақиятли ўтказилмоқда.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва вилоят ҳокимлиги кўмагида жорий йилда Андижон вилоят болалар кўп тармоқли тиббиёт марказининг болалар кардиожарроҳлик бўлимиболалар кардиожарроҳлигида қўлланиладиган замонавий тиббий асбоб-ускуналар билан жиҳозланди. Жумладан, илмий-амалий операцияларни халқаро андозалар талаблари асосида ўтказиш имконини берадиган замонавий сунъий қон айланиш аппарати мавжуд.

Ушбу ҳаракатнинг яна бир ютуғи – бу ерда дастлабки операцияларни академикВ. Воҳидов номидаги Республика Ихтисослашган хирургия марказининг бир гуруҳ кардиохирург мутахассислари томонидан «мастер класс» тарзида ўтказилганлигидир. Бундай маҳорат дарсларидан қатнашган тиббиёт марказининг мутахассислари ҳамўзлари учун керакли сабоқлар олиб, малакаларини оширдилар.

Мутахассислар таъкидлашича, болаларда учрайдиган туғма юрак нуқсонларининг тури кўп. Уларнинг баъзиларини ёпиқ йўл билан операция қилиш орқали даволаш мумкин. Бироқ, юрак клапанлари билан боғлиқ мураккаб “паталогияларни” фақат очиқ операция усулидагина бартараф этиш мумкин. Бунинг учун сунъий қон айланиш аппарати ва бошқа замонавий тиббий шароитлар, энг муҳими, малакали мутахассислар ҳамкорлиги талаб этилади. Айни пайтда вилоят болалар кўп тармоқли тиббиёт марказида шундай шароит яратилган.


Қувонарлиси, куни кеча марказда сунъий қон айлантириш ускунаси ёрдамида тўхтатилган юракда беш нафар беморда очиқ жарроҳ-лик амалиёти бажарилди. Бўлмачалараро ва қоринчалараро бўлган икки турдаги юрак пороги операцияси муваффақиятли ўтди. Яқин кунларда бўлимда яна ўнлаб бемор болаларда шундай жарроҳлик амалиётини ўтказиши ҳамда юқори технологияли тиббий ёрдам кўрсатиш режалаштирилган.

Марҳабо Машрабова 2016 йилда Жалақудуқ туманининг Тешиктош қишлоғидан. У туғилганидан буён диспансер назоратида туради. Бемор юракнинг тез-тез уриши, ҳолсизлик каби шикоятлар билан шифохонага ётқизилган.

Избоскан туманидан 7 ёшга етган Зиёҳиддин ҳам туғма юрак нуқсонибилан диспансер назоратига олинган. Ҳар икки беморда ҳам операция муваффақиятли амалга оширилди ва реанимация бўлимида интенсив муолажалар олиб борилди. Болаларнинг аҳволи меъёрлашгач, муолажаларни давом эттириш учун жарроҳлик бўлимига ўтказилди.

– Ўғлим озгина юрса ҳам, ўйнаса ҳам тез чарчаб қоларди, – дейди Зиёхиддиннинг онаси. – Ҳолсизланаётганини сезарди. Умид қиламанки, боламнинг дарди ортда қолди. Шифокорларга минг раҳмат.

– Болаларда учрайдиган туғма юрак нуқсонларини очиқ усулда операция қилиш дунёнинг ривожланган мамлакатларидагина амалга оширилади, – дейди марказ бош шифокориСалоҳиддин Юсупов. – Президентимиз давлатимиз томонидан яратилган кенг имкониятлар туфайли бундай замонавий усул мамлакатимиз тиббиётида ҳам татбиқ этилмоқда. Жумладан, бундай жарроҳлик амалиётлари Андижонда ҳам бажарилди.

Бемор болаларга бўлган ғамхўрлик тиббиётимизнинг илғор мамлакатлар билан тенглашиши, энг муҳими,халқимизнинг тиббий хизматдан рози бўлишига эришиш йўлида муҳим қадам бўлди.

Рустамжон ЭШОНОВ.

Суратларда: академик В. Воҳидов номли республика ихтисослашган хирургия маркази юрак туғма нуқсони бўлими раҳбари профессор Ҳакимжон Абралов, вилоят болалар кўп тармоқли тиббиёт маркази бош врачи ўринбосари Адҳамжон Мамажонов, жарроҳлик бўлими мудири Олимжон Исахонов, операция жараёнидан лавҳалар.