Андижон 24

АНДИЖОНДА ИХТИСОСЛАШТИРИЛГАН 5 ТА МАКТАБ ИШ БОШЛАДИ


27.12.2021   736

Андижонда информатика ва ахборот технологияларига ихтисослаштирилган 5 та мактаб ташкил этилди. Президентимизнинг 2020 йил 6 октябрдаги “Ахборот технологиялари соҳасида таълим тизимини янада такомиллаштириш, илмий тадқиқотларни ривожлантириш ва уларни IT-индустрия билан интеграция қилиш чора-тадбирлари тўғрисида” ги қарорида белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш бўйича вилоят халқ таълими бошқармаси томонидан қатор ишлар олиб борилмоқда.

– Вилоятда IT соҳасини ривожлантириш, мазкур йўналишда ёш, малакали кадрлар тайёрлаш масаласига алоҳида эътибор қаратилмоқда, – дейди вилоят халқ таълими бошқармаси бошлиғи Азизбек Миркомилов. – Жумладан, бошқармамиз тизимида информатика ва ахборот технологиялари соҳаларини чуқурлаштириб ўқитишга ихтисослаштирилган 5 та мактаб ташкил этилди.

Мактаблар зарур жиҳоз, компьютер техникалари ҳамда адабиётлар билан тўла таъминланди. Умуман, соҳани чуқур ўқитиш, малакали ёш дастурчилар тайёрлаш учун барча шароитлар яратилган. Бундан ташқари, юқорида қайд этилган ҳужжат асосида вилоятнинг барча туман ва шаҳарларида рақамли технологиялар ўқув марказлари фаолияти йўлга қўйилган.

Шунингдек, вилоят халқ таълими бошқармаси ҳамда Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вилоят ҳудудий бошқармаси ҳамкорлигида 16 та “Digital-School” ташкил этилиб, самарали фаолият кўрсатмоқда. Вилоятда олиб борилаётган юқоридаги каби ишлар сердаромад ва истиқболли IT соҳасини ривожлантириш, мазкур йўналишда малакали ёш дастурчилар тайёрлашга қаратилган ишларни янада юқори босқичга кўтаришга хизмат қилади.

Ф.УБАЙДУЛЛАЕВ, З.УМРЗОҚОВ .