Андижон 24

АНДИЖОНДА ИЧКИ ИШЛАР ВАЗИРЛИГИ ЙҲХББ БОШЛИҒИ САЙЁР УЧРАШУВЛАР ЎТКАЗДИ


05.12.2019   2364

2019 йил 4 декабрь куни Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Йўл ҳаракати хавфсизлиги бош бошқармаси бошлиғи полковник Олим Саидов Андижон вилоятида бўлиб, аҳоли вакиллари билан сайёр учрашув мулоқотлар ўтказди. Бу ҳақида вилоят ИИБ Ахборот хизмати хабар бермоқда.

Тадбир аввалида, бош бошқарма бошлиғининг Андижон вилояти ИИБ ЙҲХБ биноси худудида Давлат йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати ходимлари билан учрашуви бўлиб ўтди.

Унда мамлакатимиз раҳбари томонидан ички ишлар органлари, шунингдек, Давлат йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати ходимлари зиммасига бир қатор масъулиятли ва шарафли вазифалар юклатилганлиги, барчамиз ушбу вазифаларни бажаришда, халқимиз тинчлиги ва осойишталигини сақлаш, уларнинг ҳаётини ва мол-мулкини асраб авайлашда сидқидилдан, виждонан, бир ёқадан бош чиқариб, фуқаролар билан хушмуомалаликда хизмат олиб бориш лозимлиги таъкидланди.

Шунингдек, эскича иш тартибидан тўлиқ воз кечиш, ташаббускорликни ошириш, шунингдек, ўрта бўғин ходимлари ўз зиммасига масъулиятни олиб, ҳаракат иштирокчилари билан олиб борилаётган профилактик-огоҳлантирув тадбирларини янада кучайтириш, иш самарадорлигини ошириш лозимлигини ҳамда ҳар бир ходим мунтазам равишда ўз устида ишлаб, ҳуқуқий ва касбий малакасини, жисмоний ва жанговор тайёргарлигини ошириб бориши шартлигини ҳам эслатиб ўтди. Бундан ташқари, соҳада амалга оширилаётган ишлар, бошқарма ва унинг қуйи тизимларида хизмат ўтаётган ходимларга яратилган шарт-шароитлар билан танишиб, олиб борилаётган қурилиш ва таъмирлаш ишлари бўйича ўзининг тегишли таклиф ва тавсияларини берди.

Ҳар қандай касбда қачонки ходимнинг оиласи тинч, турмуши фаровон бўлсагина, унинг ишида унум ва самара бўлади. Шундан келиб чиқиб, бош бошқарма бошлиғи Андижон вилоятининг олис худудидан келиб хизмат ўтаётган Жалақудуқ тумани, Бешкарам МФЙ, Баходир кўчаси, 5-уйда яшовчи вилоят ИИБ ЙҲХБ ЙПХ отряди 4-сафарбарлик гуруҳи инспектори сафдор Юнусов Аброрбекнинг яшаш уйига бориб, ходимнинг оила аъзолари билан яқиндан танишди. Хонадон вакиллари билан самимий суҳбатлар олиб борди.

Шунингдек, вилоятнинг чегара туманларидан бири ҳисобланган Қўрғонтепа туманида Андижон-Қўрғонтепа йўналишида йўловчи ташиш фаолияти билан шуғулланувчи автомашина ҳайдовчилари билан учрашиб, уларнинг кайфияти, ЙПХ ходимларига бўлган муносабатлари тўғрисида мулоқатлар ўтказди.

Ҳайдовчилар билан суҳбат давомида сўнги вақтларда содир этилаётган оғир оқибатли йўл-транспорт ходисалари, уларнинг келиб чиқиш сабаблари хақида тўхталиб, ноқулай об-хаво шароитида янада хушёр ҳолда автомашина бошқариш лозимлигини уқтирди.