Андижон 24

АНДИЖОНДА ХУСУСИЙ ШИФОХОНАЛАРДА ҲАМ КОРОНАВИРУСГА ТЕСТ ОЛИНМОҚДА


05.08.2020   1669

Андижон шаҳридаги “Соғлом табассум” хусусий корхонасига қарашли тиббий-диагностика маркази коронавирус инфекциясига текширувчи нодавлат муассасаларнинг бири.

Касалликка гумони бўлган, аммо аломатларини сезмаган инсонлар шу ерда тест таҳлиллари топширмоқдалар.

Марказ олдида чодир-палатка тикланган. Шу ернинг ўзида, бино олдида мурожаатлар қабул қилиняпти. Икки нафар ҳамшира келувчиларнинг маълумотларини қайд этиб, таҳлил учун бодомсимон бездан суртма олишмоқда.

-Жорий йилнинг 23 июлидан тест ўтказиш амалиётини жорий қилганмиз, - дейди иш юритувчи Дилбарой Қодирова. - Бир кунда 50 та мурожаат келиб тушмоқда. Келувчилар нафақат Андижон шаҳридан, балки туманлардан ҳам бор. Таҳлил натижаси бир суткада маълум қилиняпти. Текширув нархи 250 минг сўм қилиб белгиланган.

-Ўғлим қўшма корхоналардан бирида меҳнат қилади, - деди исми-шарифини маълум қилмаган аёл. – Ҳамкасблари қатори иш жойидан ундан ҳам таҳлил учун суртма олишган эди. Маълум муддат иситмалаб, уй шароитида даволанди, унга ўзим қарадим. Ҳозир соғлиги яхши. Гарчи коронавирус ёки оддий иситмага чалингани номаълум қолган бўлсада, ҳар эҳтимолга қарши мен ҳам шу марказда текширувдан ўтяпман. Бундай марказларни туманларда ҳам ташкил этиш зарур.

Ҳайит кунлари ҳам тиббий-диагностика маркази фаолиятининг тўхтамагани эҳтиёж борлигидан далолат беради.

«auz.uz» online гуруҳи.