«102» хабарлари

АНДИЖОНДА ФИРИБГАРЛИК ҲОЛАТЛАРИГА ЧЕК ҚЎЙИЛДИ


12.09.2019   425

Сўнги йилларда юртимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар доирасида ташқи меҳнат миграцияси масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бугунги кунда Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги Ташқи меҳнат миграцияси масалалари агентлиги томонидан мамлакатимиз фуқаролари Жанубий Корея, Россия Федерацияси каби давлатларга расмий равишда ишлаш учун юборилиб, хорижда меҳнат фаолиятини амалга оширишлари мобайнида уларнинг ҳақ-ҳуқуқлари ҳимоя қилинмоқда.

Лекин, бу борада айрим шахслар ўзгаларнинг ишончига кириб, алдов йўли билан уларнинг пул маблағларини ўзлаштириб олишмоқда.

Хусусан, Асака тумани аҳоли бандлигига кўмаклашиш Маркази инспектори 1973 й.т. “О.З” мазкур туманда яшовчи, 1990 й.т. “М.А.”ни Жанубий Корея давлатига ишга юборишни ваъда қилиб, дастлабки ҳужжатларни расмийлаштириш учун ундан алдов йўли билан 500 АҚШ доллари олаётган вақтида Андижон вилояти тегишли ҳуқуқ тартибот органлари томонидан ушланди.

Шунингдек, ўтказилган бошқа бир тадбирда эса Жалақудуқ тумани халқ таълими бўлимининг махсус таъмирлаш-эксплуатация бўлими бош мутахассиси 1968 й.т. “И.Ҳ.” қурилиш ва таъмирлаш ишлари билан шуғулланувчи масъулияти чекланган жамият раҳбари “С.Ф.”дан тумандаги умумтаълим мактабларидан бирига қарашли бинони қайтадан қуриш ишларини ушбу МЧЖга бириктириб бериш эвазига 500 АҚШ доллари олаётган вақтда қўлга олинди.

Ҳозирда ҳар икки ҳолат юзасидан суриштирув ишлари олиб борилмоқда.

Вилоят ИИБ матбуот хизмати.