ЖАМИЯТ

АНДИЖОНДА ЭРКАК УЙ ЙИҒИШТИРИЛМАГАНЛИГИ УЧУН ХОТИНИНИ УРИБ ЎЛДИРДИ


23.02.2021   2821

Андижон шаҳрида яшовчи Тўхтасин Собиров ва Дилбар Шарипова (исм-фамилиялар ўзгартирилган)нинг шаърий никоҳ асосида турмуш қурганларига хали бир йил ҳам тўлмаган эди. Минг афсуски, уйнинг йиғиштирилмаганлиги туфайли ўрталарида келиб чиққан жанжал ёш келинни ҳаётдан бевақт олиб кетди.


Арзимаган сабаб туфайли ёш эр-хотин ўртасида келиб чиққан жанжал оқибатида эндигина 21 ёшни қарши олган, ҳали оналик бахти ҳам насиб этмаган бир ожизанинг вафот этиши ачинарлидир.

Аслида воқеа қандай бўлган эди?

Дилбар ишхонасида ишлар кўпайиб кетгани учун ишдан кеч кайтиб, овқат тайёрлаётган бир пайтда турмуш ўртоғи кўчадан кириб келади. Бу пайтда улар билан бирга яшайдиган хонадон катталари уйда бўлмаган. Ишдан нега кеч келганлиги, кейин уйнинг саранжом-саришта эмаслиги учун ўртада жанжал бошланади. Даҳанаки жанг тилини тиймаган хотинни дўппослашгача бориб етади.

Эр томонидан калтакланиб, ҳушини йўқотган Дилбар шифохонага етиб бормасдан вафот этади.

Суд-тиббий экспертизаси хулосасида марҳумада бош мия ёпиқ жароҳати, тери ости ва тўқималарга қон қуйилишлар, ўткир юрак-қон томир ва нафас етишмовчилиги, шилинма жароҳатлар, умуман, ҳаёт учун хавфли бўлган оғир тан жароҳатлари борлиги қайд этилган.

Жиноят ишлари бўйича Марҳамат туман суди раиси Абдурашид Исақов раислигида ушбу ҳолат бўйича суд иши кўриб чиқилиб, судланувчи, 1994 йилда туғилган Тўхтасин Собировга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг тегишли моддалари билан 9 йил муддатга озодликдан маҳрум этиш жазоси тайинланди ва жазони қаттиқ тартибли колонияларда ўташ белгиланди.

Манба: xs.uz