Бугуннинг гапи

АНДИЖОНДА ЧОЙХОНАЛАРНИНГ БИР КУНЛИК ТУШУМИ ҚАНЧА?


22.10.2019   15787

Солиқларни ўз вақтида тўлагани – тадбиркорнинг тўла-тўкис қонуний фаолият юритаётганини ифода этмайди. Андижон вилояти давлат солиқ бошқармаси томонидан ўтказилган хронометраж тадбирлари давомида бу яна ўз исботини топди.

Андижон шаҳридаги “Е.L.G” (мақоладаги жой номлари ўзгартирилган) масъулияти чекланган жамиятига қарашли чойхона ходимларининг қўли қўлига тегмайди. Доимо мижозлар билан гавжум. Негадир, савдодан тушадиган маблағининг чўғи кам. Кунига 1 миллион 700 минг сўм атрофида пул топширарди, холос. Давлат солиқ хизмати ходимларининг хронометраж - кўздан кечириш тадбирлари ўтказган куни эса, ўртача кунлик тушум 4 миллион 500 минг сўмдан ошиб кетди. Шунингдек.чойхонанинг 3 кишига конверт усулида маош бериб келаётганлиги аниқланиб, улар расмийлаштирилди.

Андижон шаҳридаги яна бир чойхонанинг хизмат кўрсатиши ҳам кўпчиликка манзур. Номи бутун водийга танилган. Андижонга келганки, албатта, шу чойхона ошини емасдан ортига қайтмайди.Бироқ, “Х.О.Н” масъулияти чекланган жамиятига қарашли ушбу умумий овқатланиш шаҳобчаси ҳам банкка пул топширишга келганда, “хасислик” қилади.Мижозлари кўп бўлишига қарамай, тушумини атиги 2 миллион 576 минг сўм кўрсатган.

Хронометраж - кўздан кечириш ушбу чойхонанинг бир кунлик тушуми аслида қанча эканлигини аниқлаб берди. Тадбир ўтказилган кунлари ўртача тушум аввалгиларга нисбатан, қарийб 2 ярим баробарга ортиб, 5 миллион 860 минг сўмни ташкил қилди.

Шунингдек, Андижон-Хонобод катта магистрал йўлининг четидаги Хўжаобод туманида жойлашган яна бир умумий овқатланиш корхонаси ҳамкунликсавдо тушумини кам кўрсатган. “Бир кунда бор-йўғи 472 минг сўмлик савдони амалга оширамиз”, дея ўзларини бечораҳол кўрсатишга уриндилар. Доимо мижозлар билан банд чойхонада тушум бундай бўлишига ҳеч ким ишонмаслиги аниқ. Давлат солиқ хизмати органлари томонидан ўтказилган тадбирда чойхонага бир кунда ўртача 1 миллион 845 минг сўмдан ортиқ маблағ тушиши аниқланди.

“Д.Б” МЧЖга қарашли шаҳардаги чойхона эгаси эса фаолият юритаётган бўлса-да, умуман пул топширмаётганлигини “Мижозни ўргатолмаяпмиз, шекилли. Тушум йўқ”, дея изоҳлади. “Карвон кўп, ризқи бўлак”, деганларидай, унинг ҳам ўз мижозларига эгалиги, хронометраж мобайнида кўринди. Кунлик тушуми ҳам чакки эмас: 1 миллион сўмдан ортиқ.

Солиқ тўлашдан қочиб, “чап чўнтаги”ни ўйлаганларнинг “ҳунарлари”, барибир, ошкор бўлади. Халқимизда “Инсоф сари барака”, деган ҳикматли гап бор. Нақд пулни яширмай, тушумлари қанча бўлса, барини рўй-рост, аниқ кўрсатиб иш юритган тадбиркорнинг топганига барака киради.

Андижон вилояти давлат солиқ бошқармаси матбуот хизмати