Андижон 24

Андижонда – Бутунжаҳон саломатлик куни


07.04.2018   2119

Андижон шаҳридаги Алишер Навоий номли истироҳат боғининг маҳобатли дарвозаси ёнида карнай-сурнай садолари янгради. Нуроний отахонлар ва мунис онахонлар, турли касбдаги фуқаролар, ўқувчи ешлар ва болалар «Саломатлик сайили»га йиғилдилар.

Вилоят ҳокимининг ўринбосари С.Исмоилов барчани Бутунжаҳон саломатлик куни билан муборакбод этиб, мамлакатимизда, жумладан, вилоятимизда тиббиёт соҳасини тубдан ислох қилиш бўйича амалга оширилаётган кенг қамровли ишлар ҳақида сўзлаб берди, ҳамда истироҳат боғида ташкил этилган “Саломатлик сайили”га таклиф этди.

Вилоятимизда фаолият кўрсатаётган йирик тиббиёт муассасалари жамоалари ўзларига ажратилган жойларда касалликларнинг олдини олиш бўйича кўргазмалар ташкил этишиб, шифокорлар уларга мурожаат этганларни кўздан кечириш, тиббий маслаҳатлар бериш, ташхис қўйиш каби муолажаларни бошладилар. Сайилда пойтахтлик олимлар, хориждан ташриф буюрган етук тиббиёт мутахассислари ҳам иштирок этдилар. Германиялик невропатолог Дитер Мюлбауэр ва физиотерапевт Барбара Мюлбауэр, хиндистонлик таниқли онкологлар доктор Суминг Гунта, доктор Динеш Рао ва доктор Вивет Бансал ана шулар жумласидандир.

Германиялик шифокорлар Андижондаги “Фарм стандарт люкс” диагностика маркази билан SES халқаро ташкилоти ўртасидаги шартномага асосан шифокорлар малакасини ошириш, ҳиндистонлик олимлар эса “LM” қўшма корхонаси ҳомийлигида Бўз ва Қўрғонтепа туманларида аҳолига тиббий ёрдам кўрсатиш билан шуғулланмоқдалар. Улар биз билан суҳбатда Андижонда ўтказилаётган “Саломатлик сайили” ҳақида фикр билдиришар эканлар, халқимизнинг бағрикенглиги, меҳмондўстлиги алоҳида таъкидладилар.


-Ўтган тўрт соат давомида икки юзга яқин бўлажак оналарни текширувдан ўтказдик, - дейди вилоят она ва бола скрининг маркази катта ҳамшираси Нозимахон Саидова. – Уларнинг 35 нафари невропатолог, 45 нафари гинеколог, 46 нафари УЗИ, 42 нафари эндокринолог кўригидан ўтишди ва тегишли маслаҳатлар олишди.

Хали бир ёшга тўлмаган ўғилчасини кўтариб 4 ёшли қизчасини етаклаб келаётган Бувасадин маҳалласида яшовчи Мафтунахон Нажмиддинова биз билан суҳбатда шундай деди:

- Ўзим ва фарзандларимни малакали муттахасислар кўригидан ўтказдим. Ўғлим ва қизимнинг соғлиги яхши, ўзимда эса камқонлик, юрак хасталиги борлиги аниқланди. Тегишли маслаҳатлар олдим.

-Юракни юрак, яъни меҳр билан даволаш керак, - дейди Ўзбекитон Республикасида хизмат кўрсатган фан арбоби Сайфиддин Турсунов. – Тиббиёт ходимларининг сўзи, одоби, маънавияти ҳам шифодир. Касалликни даволашдан кўра унинг олдини олган афзал. Бугунги сайилни ўтказишдан мақсад ҳам шундан иборат.

Ҳар қадамда саломатлик ҳақидаги ҳикматларни ўқиш, ашулаларни тинглаш, гулдасталар, турли хил шарлардан завқ оласиз. Очиқ саҳнада 3 соат давомида пойтахтдан ташриф буюрган эстрада хонандалари, вилоятимизнинг санъат усталари ижросида концерт намойиш этилди. Сўнгра юзлаб томошабинларнинг олқишлари остида саҳнага тиббиёт ходимларининг кўрик-танлови иштирокчилари чиқдилар. Соғлом турмуш тарзини тарғиб этувчи бахсларда Андижон шаҳар тиббиёт бирлашмаси ғолиб чиқди. Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази вилоят филиалининг “Тез ёрдам”, кўп тармоқли болалар тиббиёт марказининг “Соғлом бола” жамоалари иккинчи ва учинчи ўринни эгалладилар.

Сайил иштирокчилари Андижон давлат тиббиёт институтининг “Улфатлар” деб номланган қувноқлар ва зукколар жамоасининг чиқишларидан ҳам бир олам завқ олишди.

Тўлқин Сиддиқ.

Рустамжон Эшонов олган суратлар.