Андижон 24

АНДИЖОНДА БОСМА НАШРЛАРНИНГ МУАММОЛАРИ МУҲОКАМА ҚИЛИНДИ. ЭНДИ НИМА БЎЛАДИ?


25.11.2021   2477

Вилоят газетаси таҳририятида «Босма нашрлар: муаммо, ечим ва самара» мавзусида анжуман бўлиб ўтди.

Вилоят ҳокимлиги ташаббуси билан Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси вилоят бўлими, “Андижоннома” ва “Андижанская правда” газеталари таҳририяти ҳамкорлигида ташкил этилган анжуманда вилоятдаги босма ОАВ вакиллари, журналистлар, соҳага қизиқувчи ёшлар иштирок этади.

Анжуманда бугунги кунда босма нашрлар олдида турган муаммолар, туман, шаҳар ва тармоқ газеталарининг мазмуни, сифати ва ўқмишлилигини ошириш, таҳририятлар ҳамкорлигини мустаҳкамлаш, соҳадаги ютуқ ва муаммолар хусусида атрофлича сўз юритилди.

Анжуманда “Янгиланиш, интилиш ва ҳамкорлик – юксалишга йўл”, “Босма нашрларнинг бугунги ҳолати таҳлили”, “Вилоятдаги босма нашрлар бугунги кун талабига жавоб берадими?” сингари мавзулардаги маърузалар доирасида нашрларнинг мазмун-моҳияти, сифати, муаммолари муҳокама қилинди.

Тажрибали журналистлар Қобилжон Асқаров, Тўлқин Сиддиқов, Нажмиддин Эргашев, Шефия Иманқулов соҳадаги муаммоларни бартараф этиш, таҳририятлар фаолияти самарадорлигини ошириш юзасидан ўзларининг тавсия ва маслаҳатларини берди.

Иштирокчилар томонидан маърузалар, оммавий ахборот воситаларининг жамият ижтимоий-сиёсий ҳаётидаги роли ва иштирокини кучайтириш, ўзаро ҳамкорлигини мустаҳкамлаш, материаллар сифатини яхшилаш, обуна жараёни, нашрлар сайтларини яратиш, телеграмм, фейсбук каналлари орқали ёритиб бориш бўйича таклиф, фикр ва мулоҳазалар билдирилди.

- Бугунги кунда оммавий ахборот воситалари, айниқса, босма нашрлар ўта оғир даврни бошидан ўтказмоқда, - дейди “Андижон тонги” газетаси муҳаррири Махпурахон Ортиқова. – Жумладан, Андижонда деярли барча босма нашрлар мунтазам чоп этилмаяпти, таҳририятлар қатор муаммолар гирдобига тушиб қолган. Юзага келган ушбу ҳолатни бартараф этиш учун энг аввало, журналистларнинг ўзлари ҳаракат қилиши, газета саҳифаларида танқидий-таҳлилий материаллар кўпроқ чоп этилиши, одамларни қийнаётган муаммоларни кенг жамоатчиликка етказиб беришда фаол бўлиши, бир сўз билан айтганда, газетхонлар ишончи ва ҳурматини қозониши, қолаверса, газеталар муассислари, шу соҳага мутасаддилар, зиёлилар босма нашрларни қўллаб-қувватлаши муҳимдир. Ёш, малакали кадрларни тайёрлаш масаласи ҳам эътибордан четда қолмаслиги лозим.

Анжуман иштирокчиларнинг касбий билим ва маҳоратларини оширишга, ўзаро тажриба алмашишга ёрдам бериш билан бирга, соҳадаги муаммоларни бартараф этиш юзасидан фикр алмашиш имконини берди.