Андижон 24

АНДИЖОНДА БИР ҚАТОР ТАШКИЛОТЛАР ОГОҲЛАНТИРИЛДИ


07.12.2018   1137

Қиш мавсумига тайёргарлик кўрмаслик ёки енгил-елпи қараш корхона, ташкилот, муассасалар ҳамда аҳоли хонадонларида қийинчиликларни келтириб чиқаради. Бунга асосий сабаб, ёқилғини етарли захира қилмаслик, иситиш тармоқлари ва воситалари, мўриконларни сифатли таъмирдан чиқармаслик, шунингдек, газ ва электр тармоқларини носоз, яроқсиз бўлган жойларини ўз вақтида янгиламасликдир.

Бундай ҳолатлар ёнғинлар келиб чиқишига олиб келади ва бир неча йиллик машаққатли меҳнат эвазига тикланган уй-жойлар, ишлаб чиқариш ва бошқа бинолар кулини кўкка совуради. Энг ачинарлиси, инсонлар куйиб, тан жароҳати олиши ва ҳатто ҳаётдан бевақт кўз юмиши ҳам мумкин.

Ташкилот, муассаса ва корхоналарда куз-қиш мавсумига тайёргарлик ишларини кўнгилдагидек, деб бўлмайди. Соҳа ходимлари томонидан ўрганишлар давомида Андижон вилояти соғлиқни сақлаш бошқармаси тасарруфидаги вилоят юқумли касалликлар шифохонаси, Андижон шаҳридаги тери-таносил касалликлари диспансери, шаҳар халқ таълими бўлими, 40-умумтаълим мактаби, ўрта махсус касб-ҳунар таълими бошқармасига қарашли 2-маиший хизмат касб-ҳунар коллежи, политехника коллежида бу борада етарли даражада ишлар ташкил этилмаганлиги аниқланди.

Ёнғин хавфсизлиги хизмати ходимлари томонидан мунтазам равишда тарғибот-ташвиқот ишлари ташкил этилиб, фуқаролар огоҳликка чақирилмоқда. Мавсум олдидан бу ишлар янада ривожлантирилиб, учрашувлар, давра суҳбатлари, амалий, тактик, ўқув машғулотлари ташкил этилмоқда.

Қаерда мавсумга етарли тайёргарлик кўрилмаса, носоз ва қўлбола иситиш жиҳозларидан фойдаланилса, ёнғин хавфсизлиги талабларига беэътибор бўлинса, шу жойда ёнғин балоси хавф солиб туради.

Адашали Ўсаров,

Андижон шаҳар ЁХБ инспеткори, сержант