Андижон 24

АНДИЖОНДА АЛИШЕР НАВОИЙГА ЭҲТИРОМ КЎРСАТИЛДИ


09.02.2021   4038

Айни кунларда юртимиз бўйлаб ўзбек адабиёти тарихида ёрқин из қолдирган, буюк мутафаккир ва давлат арбоби Алишер Навоий таваллудининг қутлуғ 580 йиллиги чексиз эҳтиром билан нишонланмоқда.

Андижонда ҳам мазкур сана улуғ мутафаккир номи билан аталувчи Алишер Навоий номли маданият ва истироҳат боғида кўтаринки руҳда ўтказилди. Тадбир аввалида вилоят ҳокими бошчилигидаги вакиллар, навоийшунос олимлар, корхона, ташкилот, муассаса жамоалари, ҳарбийлар ҳамда ёшлар томонидан истироҳат боғида қад ростлаган улуғ аллома ҳайкали пойига гулчамбарлар қўйилиб, муносиб эҳтиром кўрсатилди.

Тадбирни Ёзувчилар уюшмаси вилоят бўлими раҳабари Ҳуршидабону олиб борди.

Анжуманда вилоят ҳокими Шуҳратбек Абдураҳмонов барча андижонликларни ўзбек тилининг асосчиси мир Алишер Навоийнинг 580 йиллиги билан қизғин муборакбод этди. Ўзбекистонда Навоий бобомиз номлари билан юритилувчи боғлар, илм-фан, маданият масканлари фаолият кўрсатаётганлиги халқимизнинг шоир сиймосига бўлган эҳтиромнинг ёрқин намунаси эканлигини таъкидлади. Аждодларимизнинг буюк меъроси аҳолимизни, хусусан ёшлар маънавиятини юксалтиришда муҳим аҳамият касб этишини таъкидлади. Шунингдек, “Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили”да юрт келажаги бўлган ёшларнинг фаоллигини ошириш, уларни маънавий, иқтисодий қўллаш борасида амалга оширилаётган ислоҳотлар ҳақида сўз юритди. Бу борада ҳамжиҳатлик асосий мезон эканлигини айтиб, барчани яна бир бор қутлади.

Кеча давомида Андижон давлат университети декани Баҳодир Раҳмонов, адабиётшунос олим Ҳалим Карим, профессор Салима Мирзаева ва бошқалар Навоийнинг маънавий мероси, ижодининг жаҳон саҳнасида тутган ўрни ва ёшлар тарбиясидаги муҳим жиҳатлари ҳусусида атрофлича фикр-мулоҳазалар билдирдилар. Навоийга бағишланган шеърлар ўқидилар.

Вилоят маданият бошқармаси ижодкорлари томонидан Навоий сиймоси гавдалантирилиб, ижодидан намуналар тақдим этилди. Бобомизнинг қаламига мансуб ғазалларга ҳамоханг янграган куй-қўшиқлар иштирокчилар қалбига бир олам қувонч бағишлади.

Хурсандбек АРАББОЕВ олган суратлар.