Андижон 24

АНДИЖОНДА 700 ЎРИНЛИ ТАШХИСЛАШ ВА САРАЛАШ МАРКАЗИ БАРПО ЭТИЛДИ. 7 АВГУСТ КУНИ МАРКАЗДА ЎҚУВ-ЙИҒИН МАШҒУЛОТИ ЎТКАЗИЛДИ


07.08.2020   2603

Андижон шаҳридаги олимпия захиралари ихтисослаштирилган мактаб-интернатида 700 ўринли ташхислаш ва саралаш маркази барпо этилди. 7 август куни мазкур марказда вирусга гумон қилинган беморларга тезкор тиббий ёрдам кўрсатиш бўйича ўқув-амалий машғулоти ўтказилди.

Марказга тез тиббий ёрдам бўлими, шаҳар ва қишлоқ оилавий поликлиникалари, қишлоқ врачлик пунктларига мурожаат этган беморлар келтирилиб, уларнинг аҳволи ўта оғир, оғир ва енгиллигига қараб сараланади. Беморларнинг клиник белгиларидан келиб чиқиб, улар шифохонага ёки уйида даволаниш учун йўналтирилади.

Маълум қилинишича, марказ тиббий кўрик учун зарур замонавий тиббиёт анжомлари билан таъминланган, ҳар бир койка кислород линияси билан жиҳозланган. Беморларга қаров учун 120 нафар шифокор ва ҳамширадан иборат юқори малакали тиббий персонал ажратилади.

Машғулотда вилоят соғлиқни сақлаш, ички ишлар, фавқулодда вазиятлар бошқармалари, миллий гвардия, санитария эпидемиология осойишталик маркази ҳамда туман тиббиёт бирлашмалари мутахассислари иштирок этди. Ўқув-йиғини давомида вирусга гумон қилинган беморларга тиббий ёрдам кўрсатишнинг тезкор тактик ҳолатлари ўрганилган.

Вилоят ҳокимлиги ахборот хизматининг маълум қилишича, коронавирус пандемияси даври учун жами 13 минг 820 та заҳира жойлар тайёрланган. Уларнинг 10 минг 200 таси четдан кириб келаётган ва касалликка гумон қилинган фуқароларни 10 кунлик карантинда сақлаб туришга мўлжалланган. Шунингдек, вилоятдаги 7та давлат ва 10та хусусий шифохоналарда беморларни қабул қилиш учун 2590 та қўшимча жой тайёрланган. Ушбу тиббиёт муассасаларнинг барчаси 100 фоиз тиббий кислород билан таъминланган.

Вилоят ҳокими Шуҳрат Абдураҳмоновнинг айтишича, фавқулодда ҳолат учун ҳам вақтинчалик шифохоналар тайёрланмоқда.

“Бу касаллик қачон тугашини ҳеч ким билмайди. Шу сабабли ҳар қандай ҳолатга тайёр туришимиз керак. Шуларни ҳисобга олиб,жами 14 мингга яқин заҳира жойлар тайёрладик. Бундан ташқари фавқулодда ҳолатлар учун яна 10 та жойда 1619 ўринга мўлжалланган вақтинчалик шифохоналарни тайёрлаяпмиз. 10 август кунига қадар уларнинг барчаси тайёр ҳолга келтирилади.”, - дейди Андижон вилоятиҳокими.

«auz.uz» online гуруҳи.