Андижон 24

АНДИЖОНДА 60 НАФАР МУҲТОЖ АЁЛГА ЯНГИ УЙЛАР ТОПШИРИЛДИ


01.09.2019   1086

Мамлакатимиз мустақиллигининг 28 йиллик байрами арафасидаАндижон вилоятида яшаётган 60 нафар хотин-қиз янги уй соҳибига айланди.

Андижон шаҳридаги вилоят қўғирчоқ театрида кенг жамоатчилик иштирокида бўлиб ўтган тадбирда жисмоний имконияти чекланган, оғир ижтимоий шароитда яшаётган уй-жойга муҳтож аёлларга янги уйларнинг калитлари тантанали равишда топширилди.

-2018 йилда 469 нафар ана шу тоифадаги аёл уй-жой билан таъминланган бўлса, жорий йилда яна 300 нафарига уй берилиши белгиланган, - дейди вилоят ҳокимининг ўринбосари, хотин-қизлар қўмитаси раиси Манзурахон Юнусова.

Мустақиллик байрами арафасида Андижон шаҳри, Асака, Марҳамат, Шаҳрихон, Булоқбоши ва Избоскан туманларидабарпо этилган кўп қаватли уйлардаги 2-3 хонали квартиралар ҳамда 2 сотихли намунали уйлар эгаларига топширилди.

- Кўзим ожиз, 1-гуруҳ ногирониман, - дейди Асака туманидаги Сайдободмаҳалласида яшовчи Ҳавохон Ташатова. – Турмушдан ажраганман, ўғлим Қурбонали билан отамнинг торгина ҳовлисида бир неча оила яшаб келар эдик. Уй-жой қилишга имконим умуман йўқ эди. Хотин-қизлар қўмитаси вакиллари шароитимизни ўрганиб, уй-жой берилиши учун рўйатга киритганларида очиғи, уй олишга ишонмаган эдим.

Бугун дунёда мендан бахтли инсон йўқ. Чунки, менга “Обод” маҳалласида қурилган янги уйлардан бири берилди. Энди ўз уйим бор, кимнингдир олдида хижолат бўлмай, ҳотиржам яшай оламан. Хатто, яқинларим кўрсатмаган бундай яхшиликдан, давлатимизнинг эътибор ва ғамхўрлигидан яшашга бўлган умидим, давлатимизга, яхши инсонларга ишончим минг чандон ортди. Қийналиб яшаётган мен каби аёллар холидан хабар олиб, уларнинг мушкулини осон қилаётган инсонларга, мана шундай хайрли ишларнинг бошида турган Президентимизга мингдан минг раҳмат.

Вилоят хотин-қизлар қўмитаси маълумотларига кўра, аёлларга берилган 60 та уйнинг 40 тасининг бошланғич тўлови хотин-қизлар қўмитаси томонидан амалга оширилган, 20 таси эса бепул, хайрия тарзида ажратилди.

Уй соҳибасига айланган қайси бир аёл билан суҳбатлашмайлик, қувочдан, эътибор ва ғамхўрликдан мамнун эканликларини билдирдилар.

Янги уй соҳибаларининг барчаларига янги уйнинг сертификати, калти билан бирга, совға тариқасида маиший техника жиҳозлари топширилди.

Вилоятда жорий йил охирига қадар жисмоний имконияти чекланган, оғир ижтимоий шароитда яшаётган уй-жойга муҳтож яна 240 нафар аёл уй-жой билан таъминланади.

А.ТОШМАТОВ олган суратлар.