Бугуннинг гапи

АНДИЖОНДА 52 МИНГ 316 НАФАР БОЛАЖОН МАКТАБГА ИЛК БОР ҚАДАМ ҚЎЙДИ


06.09.2021   467

Андижон вилояти халқ таълими бошқармаси тасарруфидаги 764 умумтаълим мактабида янги ўқув йили машғулотлари бошланди.

Жорий ўқув йилида мактабларда 583 минг 836 нафар ўқувчи таҳсил олади. 52 минг 316 нафар болажон биринчи синфга қабул қилинди.

Андижондаги умумтаълим мактабларида ҳам машғулотлар “Янги Ўзбекистонда эркин ва фаровон яшайлик!” шиори остида мустақиллик дарслари билан бошланди.

Андижон шаҳридаги 25-умумтаълим мактаби жамоаси янги ўқув йилига улкан мақсадлар билан қадам қўйдилар. Масканда 800 нафардан зиёд ўғил-қиз таҳсил олади. Барча синфларда “Янги Ўзбекистонда эркин ва фаровон яшайлик!”шиори остидаги “Мустақиллик дарс”лари кўтаринки руҳда олиб борилди.

-Машғулотларда ўқувчиларнинг мустақиллик, бу неъматга етишиш йўлида жон фидо айлаган боболаримиз жасорати, Она Ватанга муҳаббат, бугунги осойишта кунларимизга шукроналик ҳақидаги тушунчалари бойитилди, - дейди мактаб директори Дилфуза Аҳмадалиева. – Ватанни мадҳ этувчи шеър-қўшиқлар дарс жараёнини янада жонлантирди. Илк қадам қўйган ўқувчиларнинг қувончини айтмайсизми? Шундай дамларда педогог эканлигимдан фахрланиб кетаман.

- Набирам Искандар биринчи синфга қабул қилинди, - деди Андижон шаҳридаги Қаландархона маҳалласида яшовчи меҳнат фахрийси Неъматжон Ҳурбоев. – Президент совғасини олди. Эндигина жамиятга қўшилаётган бола учун бу ҳам бир рағбат бўларкан. Ёш гўдакнинг “Энди Юртбошимга муносиб ўғил бўлиб, яхши ўқишим керак” деган сўзларини тинглаб беихтиёр кўзларимга ёш келди.

Вилоятимизнинг барча умумтаълим мактабларида “Мустақиллик дарс” лари ўзига хос шукух билан ўтказилди.