Андижон 24

АНДИЖОНДА 3,5 МИНГ ГЕКТАР БОҒЛАР, 336 ГЕКТАР ТОКЗОРЛАР ЯНГИЛАНАДИ


18.01.2020   1050

Вилоят ҳокими Шуҳратбек Абдураҳмонов Хўжаобод туманидаги “Навигул” Ўзбекистон-Германия қўшма корхонасида қишлоқ хўжалиги ходимлари билан йиғилиш ўтказди. Йиғилишда озиқ-овқат хавфсизлигини дастури доирасида амалга оширилаётган ишлар муҳокама қилинди.

Бугунги кунда вилоятимизда боғдорчилик-узумчилик йўналишида 2 минг 347 та, сабзавотчилик-полизчилик йўналишида 1 минг 180 та фермер хўжаликлари фаолият олиб бормоқдалар. Уларнинг тасарруфида қарийб 37 минг гектар ер майдонлари бор. Бундан ташқари ҳар йили ғалладан бўшаган 70 минг гектарга яқин ер майдонларида сабзавот ва полиз маҳсулотлари такрорий экин сифатида етиштирилади. Жорий мавсумда ушбу майдонлардан жами бўлиб 2 млн. 325 минг тонна маҳсулот олиш режалаштирилган. Жумладан, 343 минг тоннадан зиёд мева, 69 минг тоннага яқин узум, 1 млн. 336 минг тонна сабзавот, 151 минг тоннадан ортиқ полиз маҳсулотлари, 255,5 минг тонна картошка ва бошқа маҳсулотлар йиғиб-териб олинади.

Ҳосилнинг асосий қисми ички бозорга чиқарилади. Экспорт ҳажми эса 10 фоизни ташкил қилади холос.

Юқоридаги йўналишда баркали ишлаётганлар қаторида Андижон туманидан “Бахтигул пари”, Асака туманидан “Шинам соҳил боғлари”, Балиқчи туманидан “Сафар ниҳоли”, Булоқбоши туманидан “Шарифбой ота”, Бўстон туманидан “Сайёрахон келажак ифтихори”, Жалақудуқ туманидан “Қуёш севинч наво”, Избоскан туманидан “Хусанбой ота боғи”, Улуғнор туманидан “Улуғнорда саодат”, Пахтаобод туманидан “Хусниддин фарангиз” кабиларни келтириш мумкин.

“Тўқмоқсой” (Андижон тумани), “Қарчиғай замин саховати” (Асака), “Тўхтасинбек боғи” (Балиқчи), “Уммон мавжлари” (Булоқбоши), “Болгария ифтихори” (Жалақудуқ), “Абдуллоҳ умид мевалари” (Избоскан) каби боғдорчилик фермер хўжаликлари қониқарсиз фаолият юритмоқдалар.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 11 декабрдаги “Мева-сабзавотчилик ва узумчилик тармоғини янадаривожлантириш, соҳада қўшилган қиймат занжирини яратишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорига асосан вилоятдаги боғ ва токзорлар хатловдан ўтказилиб, 3 минг 361 гектар боғлар, 336 гектар токзорлар яроқсиз деб топилган. Уларни бузиш ва ўрнида экспортбоп маҳсулотлар берувчи боғ ва токзорлар ташкил қилиш кўзда тутилган.

Вилоятда ишлаб чиқилаётган озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш дастурига кўра, жорий йилда 2019 йилга нисбатан 3 баробар кўп маҳсулот етиштириш режалаштирилган. Шуларга кўра самарасиз, хосилдан қолган 3,5 минг гектар боғлар, 336 гектар токзорларни бузиб, ўрнига янгиларини ташкил қилиш белгиланган. Бузилган боғларни тиклаш учун 2,6 млн. тупдан зиёд кўчат талаб қилинади. Янги токзорлар учун эса 370 минг туп хўраки ток кўчатлари зарур. Уларни Андижон кўчатчилик хўжалиги ҳамда туманлардаги кўчатчиликка ихтисослашган фермер хўжаликлари етказиб берадилар.

Афсуски, қулай об-ҳаво шароитларига қарамай белгиланган ишларни бажариш пайсалга солинмоқда. Вилоят ҳокими барча мутасаддиларга қатъий топширқлар берди. Ерлардан самарасиз фойдаланаётган, даромад топмаётган ёки даромадини яшираётган фермер хўжаликларининг ер майдонларини олиб қўйиш шарти қўйилди.

Йиғилишда, шунингдек, “Навигул” қўшма корхонасида етиштирилган помидор ва булғор қалампири кўчатларини экиш бўйича вазифа белгилади. Шу йўналишдаги фермер хўжаликлари кўчатларни шартнома асосида сотиб олиб, етиштирган хосил қўшма корхона томонидан қайта сотиб олиш тартиби белгиланди.

«auz.uz» online гуруҳи.