Андижон 24

АНДИЖОНДА 19 КУНДА 10000 ДАН ОРТИҚ ЭҲТИЁЖМАНД ВА МУҲТОЖ ОИЛАЛАРГА ИЖТИМОИЙ ЁРДАМ КЎРСАТИЛДИ


22.04.2020   2540

Андижон вилоятидаги Ҳомийлик хайрияларини мувофиқлаштириш маркази томонидан 5 апрелдан бугунги кунга қадар 10 600 дан ортиқ эҳтиёжманд ва муҳтож оилаларга озиқ-овқат маҳсулотлари етказиб берилди.

Андижон вилоят Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бошқармаси бошлиғи Манзурхон Юнусованинг маълум қилишича, Ҳомийлик хайрияларини мувофиқлаштириш маркази ва маҳалла фуқаролари йиғинларига, 22 апрель ҳолатига кўра, 11 минг 597 та мурожаат келиб тушган. Марказга қилинган мурожаатлар шу куннинг ўзида электрон дастур орқали туманларда тузилган ишчи гуруҳларга юборилмоқда. Айни пайтга қадар мурожаатларга асосан 10600 дан ортиқ эҳтиёжманд ва муҳтож оилаларга умумий 2 миллиард сўмга яқин бирламчи озиқ-овқат, дори-дармон ва кунлик эҳтиёж учун зарур маҳсулотлар етказиб берилиши таъминланган.

“Айрим фуқароларимиз томонидан “Cалл-марказ”лардан ташқари ҳудудлардаги маҳалла раисларига ҳам мурожаат қилиш ҳолатлари кузатилмоқда. Уларга ҳам тегишли тартибда ёрдамлар кўрсатилмоқда. Айни пайтга қадар маҳалла орқали 4 мингга яқин оилага ижтимоий ёрдамлар кўрсатилди”,- дейди Манзура Юнусова.

Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Андижон вилоят Кенгаши раиси Ойбек Юлдашевнинг айтишича, марказда доимий тарзда 262 нафар волонтёрлар (кўнгилли ёшлар) ихтиёрий асосда фаолият олиб бормоқда. Улар томонидан колл-марказда ҳар куни соат 9:00 – 17:00 оралиғида 600 дан зиёд мурожаатлар қабул қилиб олиняпти. Мурожаатларнинг асосий қисми озиқ-овқат, дори-дармон ва кунлик эҳтиёжга керакли маҳсулотлар бўйича бўляпти.

Маълум қилинишича, ёрдамлар кўрсатилган бўлсада 1368 нафар фуқаро марказ ҳамда маҳаллаларга қайта мурожаат қилган. Умумий мурожаатларнинг асосий қисми Андижон шаҳри, Андижон ҳамда Балиқчи туманларига тўғри келмоқда.

Эслатиб ўтамиз, аҳолини мурожаатлари билан тизимли ишлаш ва манзилли ёрдам кўрсатиш мақсадида очилган “Cалл-марказ” нинг 1197 қисқа рақами мунтазам ишламоқда.

Ҳалимжон ТОҲИРОВ.