Андижон 24

АНДИЖОНДА 11 ОЙ ДАВОМИДА ПИЁДА (ВЕЛОСИПЕДЧИ)ЛАР ИШТИРОКИДА ЖАМИ 444 ТА ЙЎЛ-ТРАНСПОРТ ХОДИСАЛАРИ СОДИР БЎЛДИ


12.12.2019   1426

Ўзбекистон Республикаси ИИВ Йўл ҳаракати хавфсизлиги Бош бошқармасининг 2019 йил 9 декабрь кунги 24/9-32492-сонли кўрсатмаси ижросини таъминлаш ҳамда пиёдалар иштирокидаги йўл-транспорт ходисаларини олидини олиш мақсадида жорий йилнинг 10 декабридан 20 декабрига қадар “Диққат, пиёда!” профлактик тадбирлари ўтказилмоқда. Бу ҳақда вилоят ИИБ ЙҲХБ матбуот хизмати катта инспектори, катта лейтенант Абдуразоқов Диёрбек хабар бермоқда.

2019 йилнинг ўтган ўн бир ойи мобайнида Давлат йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати ходимлари томонидан ҳаракатланиш хавфсизлигини таъминлаш, йўл-транспорт ходисаларининг олидини олиш, “Йўл ҳаракати қоидалари”ни кенг кўламда тарғиб қилиш борасида бир қатор ишлар амалга оширилди. Жумладан, аҳоли ўртасида кенг кўламдаги тарғибот ва ташвиқот ишлари олиб борилди. Барча умумий ўрта таълим мактаблари ва мактабгача таълим муассасаларида тарғибот ишларини ташкил этишга алоҳида эътибор қаратилди.

Бироқ, олиб борилган тадбирларга қарамасдан жорий йилнинг ўтган даври мобайнида вилоятимиз худудида пиёда (велосипедчилар)лар иштирокида 444 та йўл-транспорт ходисалари содир бўлиб, 79 нафар фуқаро ҳалок бўлган ва 368 нафари турли кўринишда жарохатланган.

2019 йил 7 декабрь куни Балиқчи тумани Дўнгсарой маҳалласи худудида 2014 йилда туғилган 5 ёшлик Жуманазаров Азизбек Хасанбой ўғли онасининг бепарволиги ва албатта хайдовчининг эҳтиётсизлиги сабабли бевақт оламдан кўз юмган. Ходиса сабаблари ўрганилганида А.Жуманазаров онаси билан бирга уйига қайтаётиб йул четига тўхтаган Дамас автомашинасидан тушаётганда онасидан аввал йўлнинг қатнов қисмини кесиб ўтаётган вақтида фожияга учраган.

Таҳлиллар шуни кўрсатмоқдаки, аксарият ҳолларда пиёдалар қоидабузарликлари ва ёш болаларнинг назоратсиз қолиши натижасида йўл-транспорт ходисалари содир этилмоқда. 11 ой давомида вилоят ИИБ ЙҲХБ ходимлари томонидан 1622 нафар пиёдаларга нисбатан йўл ҳаракати қоидаларини бузганлиги учун маъмурий баённомалар расмийлаштирилган.

Бу каби ҳолатларни олдини олиш мақсадида ҳаракат иштирокчилари ўртасида тушунтириш ишлари олиб бориш билан бир қаторда пиёдалар қоида бузарликларини аниқлаш бўйича рейдлар ташкил этилади. Шу сабабли барча йўл ҳаракати иштирокчиларини янада хушёрликка чиқириб, йўл ҳаракати қоидаларига қатъий риоя қилишларини сўраб қоламиз.