Андижон 24

АНДИЖОНДА «103» ТЕЗ ТИББИЙ ЁРДАМ ХИЗМАТИГА 16 ТА АМБУЛАНС ТОПШИРИЛДИ


18.07.2020   4903

Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Андижон вилояти филиали Тез тиббий ёрдам бўлимига (“103” хизмати) 16 та “Дамас” автомашиналари топширилди.

Республика махсус комиссияси қарорига асосан республикамизда 10 июлдан 1 августга қадар карантин чоралари кучайтирилиши муносабати билан жойлардаги санитария-эпидемиология вазияти юзасидан Андижон вилояти ҳокими Шуҳратбек Абдураҳманов аҳолига мурожаат қилган эди.

Пресс-конференция шаклидаги мурожаатда вилоят аҳолисига катта ишонч, тиббиёт ходимлари меҳнатига юқори баҳо берар экан, вилоят ҳокими ишни самарали ташкил этиш учун барча имкониятлар яратиб беришини таъкидлаган эди.

Шунга кўра “Тез тиббий ёрдам” хизмати учун 16 та “Дамас” автомашиналари келтирилди.

Автомашиналарни топшириш маросимида Ш.Абдураҳмонов энг қайноқ нуқтада инфекция билан курашаётганларга яна бир борминннатдорлик билдириб, уларни аҳоли саломатлиги йўлида астойдил меҳнат қилишга чақирди.

Ҳайдовчилар, ҳамширалар ва врачлар билан суҳбат асосида уларнинг ташвишлари билан қизиқди. Якунда вилоят раҳбари бўлим ходимларини қўшимча равишда рағбатлантириш, мукофот пуллари бериш, моддий-техника базасини мустаҳкамлаш, озиқ-овқат таъминотини яхшилаш бўйича мутасаддиларга қатор топшириқлар берди.

-“Дамас”ларни бештаси кунига 500 та чақириқ қайд этиладиган бўлимимизда қолдирилади, - дейди Республика шошилинч тез тиббий ёрдам илмий маркази вилоят филиали директори Дониёрбек Бўрибоев. – яна бештаси Улуғнор, Шаҳрихон, Избоскан, Қўрғонтепа туманлари ва Қорасув шаҳрига берилади. Олтита автомашина эса Тез тиббий ёрдам Асака тумани бўлимига тақдим этилмоқда. Умуман олганда ўша матбуот конференциясида айтилганидек, вилоят ҳокими барча моддий ва молиявий кўмакни кўрсатди. Буларнинг натижасида фаолиятимиз самарадорлиги ортади.

«auz.uz» online гуруҳи.