ЖАМИЯТ

АНДИЖОН ВИЛОЯТИНИНГ МАҲАЛЛИЙ БЮДЖЕТИГА 55,5 МИЛЛИАРД ҚЎШИМЧА МАБЛАҒ ТУШИШИ КУТИЛМОҚДА


12.07.2019   1621

Андижонда “Солиқ ва божхона имтиёзлари берилишини янада тартибга солиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Президент фармони мазмун-моҳиятини тушунтиришга бағишланган ўқув семинари ўтказилди. Бу ҳақда вилоят солиқ бошқармаси матбуот хизмати хабаир бермоқда.

Шу йилнинг 1 октябридан бошлаб, товарларни сотишдан тушумнинг миқдоридан қатъи назар, бензин, дизель ёқилғиси ва газ ёқилғи қуйиш станциялари орқали охирги истеъмолчиларига сотадиган юридик шахслар қўшилган қиймат солиғи тўловчилари ҳисобланади.Худди шунингдек, товарларни импорт қилувчи тадбиркорлик субъектлари товарларни (ишларни, хизматларни) сотишдан тушум миқдоридан қатъий назар, қўшилган қиймат солиғи тўловчиларига айланишади.

Бу - Ўзбекистон Республикаси Президентининг 27 июндаги “Солиқ ва божхона имтиёзлари берилишини янада тартибга солиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони билан белгиланди

2019 йил 1 августдан бошлаб, ягона ер солиғи тўловчиси ҳисобланган қишлоқ хўжалиги товарлари ишлаб чиқарувчилари ихтиёрий равишда қўшилган қиймат солиғини тўлашга ўтишлари мумкинлигини ҳам айтиб ўтдилар.

Бир йил олдин Андижон вилоятида қўшилган қиймат солиғи тўловчилар сони шунчани ташкил этарди. Солиқ концепцияси амалиётга татбиқ этилиши натижасида, улар сони қарийб 4 баробарга ортиб, айни пайтда улар 2 минг 5 тани ташкил этмоқда.Янги фармон билан қўшилган қиймат солиғи тўловчилар сафига яна 2 минг 307 та қўшилиши кутилмоқда. Уларнинг 1 минг 667 тасини фермер хўжаликлар ташкил этади. Бу эса йил якунигача бюджетга қўшимча 55 миллиард сўмдан зиёд маблағ тушишини таъминлайди.

- Очиғини айтиш керак, бугунги семинар, тадбиркорларнинг ҳам, фермерларнинг ҳам хавотирини аритди, -дейди Андижон тумани фермер хўжаликларида бухгалтерия ҳисоби ва ҳисоботини юритиш маркази маслаҳатчиси Шаробиддин Ҳамроев. – Очиқ мулоқот тарзида ўтган семинарда мутахассислар фармоннинг асл моҳиятини қулоғимизга қуйиб қўйишди. Қисқа қилиб айтганда, қўшилган қиймат солиғи тўловчиси бўлишдан чўчиш керак эмас экан. Аксинча, бу иқтисодий якдилликка хизмат қиларкан. Бизда нима кўп? Тўқимачилик қорхоналари. Улар билан узвий боғлиқликни таъминлашда айнан шу ҳужжат дастур бўлиб хизмат қилади. Бу эса, хом ашё етказиб берувчиларнинг ҳам, ишлаб чиқарувчиларнинг ҳам соф фойдасини ва рентабеллигини оширади.

Семинарда Давлат солиқ қўмитаси ҳамда вилоят давлат солиқ бошқармаси мутахассислари солиқ тизимида амалга оширилаётган ислоҳотлар, хусусан, бизнесга солиқ юкининг кескин камайганлигини таъкидлаб, мазкур фармон мамлакатимиз инвестициявий муҳитини янада яхшилаш, адолатли рақобатни таъминлашга хизмат қилишини билдирдилар.

Семинар сўнггида иштирокчилар ўзларини қизиқтирган саволларига мутахассислардан жавоб олдилар.