Андижон 24

АНДИЖОН ВИЛОЯТИДА ЖОРИЙ ЙИЛ БОШИДАН БЕРИ ФУҚАРОЛИГИ БЎЛМАГАН МИНГДАН ЗИЁД ШАХСГА ПАСПОРТ ТОПШИРИЛДИ


03.12.2019   1826

Ҳеч кимга қарам бўлмаган, барча давлатлар билан тенг ҳуқуққа эга давлатнинг фуқароси бўлиш, аниқроқ айтганда, унинг ҳимоясида бўлиш том маънодаги бахтдир.

Мамлакатимиз фуқароларининг бу борадаги ҳуқуқлари Бош қомусимизда мустаҳкамланган. Унга кўра, Ўзбекистон Республикаси ўз ҳудудида ҳам, унинг ташқарисида ҳам ўз фуқароларини ҳуқуқий ҳимоя қилиш ва уларга ҳомийлик кўрсатишни кафолатлайди.

Республикамиз Президентининг имзоси билан кейинги йиллардафуқароликка қабул қилишга оид қатор Фармонларнинг эълон қилингани заминимизда ўсиб-улғайган ҳамда Ватанимизнинг тараққиёти ва равнақига ўзининг муносиб ҳиссасини қўшиб келаётган шахсларнинг манфаатларини муҳофазалашга кенг йўл очди.

Кейинги йилларда 53 та фармон билан 9 минг 443 шахс фуқаролик паспортии топширилди. Уларнинг 1 минг 916нафарини Андижон вилоятида яшовчилар ташкил қилади. Эътиборлиси 2019 йил бошидан бери (1 декабрь ҳолатида) Андижон вилоятидан 1 минг 205 нафар шахсга фуқаролик паспортлари берилди.

Андижон вилояти ички ишлар бошқармасида ОАВ вакиллари учун ўтказилган брифингда шу хусусда сўз борди. Вилоят ИИБ Миграция ва фуқароликни расмилаштириш бошқармаси бошлиғи, подполковник М. Раҳимов тадбир қатнашчиларига бу борада амалга оширилаётган ишлар ҳақида сўзлаб бериб, саволларга жавоблар қайтарди.

Тадбир якунида вилоятимизда истиқомат қилиб келаётган 15 нафар фуқаролиги йўқ шахсга Ўзбекистон Республикаси фуқаролик паспорти тантанали равишда топширилди.

Ж. ИСМОИЛОВ,

Вилоят ИИБ миграция ва фуқароликни расмилаштириш бошқармаси бошлиғининг ўринбосари, подполковник.