Андижон 24

АНДИЖОН ВИЛОЯТИДА ХОТИН-ҚИЗЛАРНИ ИШ БИЛАН ТАЪМИНЛАШ БЎЙИЧА ҲУКУМАТ ҚАРОРИ ҚАБУЛ ҚИЛИНДИ


23.08.2019   4573

Андижон вилоятида хотин-қизларни иш билан таъминлаш, улар ўртасида тадбиркорликни ривожлантириш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида ҳукумат қарори қабул қилинди.

Ҳужжат билан, Хотин-қизлар қўмитаси, Андижон вилояти ҳокимлиги, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги, “Ўзпахтасаноат” АЖ, “Ўзтўқимачиликсаноат” уюшмаси, “Ўзбекипаксаноат” уюшмаси ва “Ҳунарманд” уюшмаси томонидан ишлаб чиқилган Андижон вилоятида хотин-қизларни иш билан таъминлаш, улар ўртасида тадбиркорликни ривожлантириш тизимини янада такомиллаштириш чора- тадбирлари тўғрисидаги таклифи маъқулланди.

Қарорга мувофиқ:

2019 йилда Андижон вилоятида ишсиз хотин-қизларнинг бандлигини таъминлаш бўйича чора-тадбирлар дастури;

2019 йилда Андижон вилоятида ишсиз хотин-қизларнинг бандлигини таъминлаш бўйича йўналишлар кесимидаги тақсимот ва манзилли рўйхат;

Андижон вилоятида 2019 йил давомида бандлик дастури асосида хотин-қизлар учун яратиладиган қўшимча иш ўринларининг йўналишлари бўйича тақсимоти;

2019 йилда Андижон вилоятида Хотин-қизларни ва оилани қўллаб-қувватлаш жамоат фонди ва тадбиркорларнинг маблағлари ҳисобидан ўз тадбиркорлигини ташкил этадиган хотин-қизларнинг туман (шаҳар) кесимидаги асосий параметрлари ва манзилли рўйхати;

Хотин-қизларни ва оилани қўллаб-қувватлаш жамоат фонди маблағлари ҳисобидан 2019 йилда Андижон вилоятида арзон уй-жойлар ажратилган доимий даромадга эга бўлмаган ва кредитни қоплашга лаёқати етарли бўлмаган, бироқ касаначилик билан шуғулланиш истагидаги хотин- қизларни замонавий тикув машиналари билан таъминлаш рўйхати;

Хотин-кизларни ва оилани қўллаб-қувватлаш жамоат фонди маблаглари ҳисобидан Андижон вилоятида оғир ижтимоий аҳволга гушиб қолган хотин-қизлар, шу жумладан, ногиронлиги бўлган хотин-қизлар ва оилаларга ажратиладиган реабилитация техник воситалари тақсимоти;

Андижон вилоятида 2019 йилда “Ўзпахтасаноат” АЖ томонидан ташкил этиладиган тикув-трикотаж мажмуаларида кам таъминланган хотин-қизларни иш билан таъминлаш режаси тасдиқланди.

“Ўзбекипаксаноат” уюшмаси Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси, Андижон вилояти ҳокимлиги билан биргаликда бир ой муддатда Андижон вилоятида ҳунармандчилик ва ипакчилик кластерлари фаолиятини йўлга қўйиш орқали хотин-қизларни иш билан таъминлаш ҳамда шу мақсадда маҳаллаларда ҳунармандчилик ва ипакчиликка ихтисослашган енгил конструкцияли цехларни ташкил этиш бўйича манзилли рўйхатни тасдиқлайди.

Ҳужжатда белгиланишича, Андижон вилояти ҳокимлиги:

янгидан ташкил этиладиган ҳунармандчилик ва ипакчилик кластери ташкилотларида кластер тизимини тўлиқ ўз ичига олган жараённи ташкил этиш, янги тутзорларни ташкил этиш учун пахтадан қискартирилган ерлардан 100 гектардан кам бўлмаган ер майдонлари ажратилишини таъминлайди;

замонавий пилла етиштириш иншоотларини қуриш учун тумандаги ташкилотларнинг бўш турган ёки самарасиз фойдаланилаётган ер майдонларидан ҳамда қишлоқ хўжалигида фойдаланилмайдиган бошқа ерлардан белгиланган тартибда ажратилишини таъминлайди;

2019 йилда “Ўзпахтасаноат” АЖ томонидан ташкил этиладиган тикув-трикотаж мажмуаларига ишга жойлаштириладиган хотин-қизларни малака тоифасига кўра касб-ҳунар коллежларида касбга ўқитилишини ташкил этади.

Андижон вилояти ҳокимлиги Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги, “Ўзпахтасаноат” АЖ, “Узтўқимачиликсаноат” уюшмаси, “Ўзбекипаксаноат” уюшмаси, “Ҳунарманд” уюшмаси ва тижорат банклари билан биргаликда вилоятда ишсиз хотин-қизларнинг ўз вақтида бандлигини таъминлаш чораларини кўради.

Хотин-қизлар қўмитаси Хотин-қизларни ва оилани қўллаб-қувватлаш жамоат фонди, Андижон вилояти ҳокимлиги билан биргаликда уч ой муддатда оғир ижтимоий аҳволга тушиб қолган, шу жумладан, ногиронлиги бўлган хотин- қизларга ва оилаларга ажратиладиган реабилитация техник воситаларини манзилли етказилишини таъминлайди.

Қарорда вилоятда жами 16 минг 413 нафар ишсиз хотин-кизларнинг бандлигини таъмиилаш кўзда тутилган.

Шунингдек, кам таъминланган оилалар рўйхатида турувчи 1 минг 789 нафар хотин-қизларнинг турмуш шароитини яхшилаш, меҳнатга лаёқатли ногиронлиги бўлган аёлларни вилоятда ташкил қилинаётган йирик текстиль корхоналарига ишга жойлаштириш режалаштирилган.

Вилоятда истиқомат қилаётган 2 044 нафар хотин-қизларни “устоз- шогирд” анъаналари асосида ҳунармандчиликка ўргатиш орқали бандлиги таъминланади.

Ҳар бир маҳаллада камида 3 тадан кичик иссиқхоналар ташкил этиш орқали 1 минг 700 нафардан ортиқ хотин-қизларнинг бандлигини таъминлаш кўзда тутилмоқда.

Шахсий томорқасидан самарали фойдаланаётган оилалардаги 2 минг нафардан ортиқ хотин-қизларнинг расмий бандлигини таъминлаб, меҳнат дафтарчалари юритилиши йўлга қўйилади.

Вилоятдаги ишсиз хотин-қизлар бандлигини таъминлаш мақсадида Андижон. Бўз, Избоскан, Улуғнор, Пахтаобод, Қўрғонтепа туманларининг саноат корхоналари кам ривожланган ҳудудларида 300 тадан иш ўринли тикув-трикотаж мажмуалари ташкил этилади.

“Ҳар бир оила тадбиркор” дастури асосида 1 минг 994 нафар хотин-қизларнинг тадбиркорлик фаолиятида бандлиги таъминланади.

Вилоятдаги 965 нафар ногиронлиги бўлган хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш ҳамда уларнинг келажакда меҳнат қилиш имкониятини яратиш ва жамиятга интеграция қилиш мақсадида Хотин-қизлар ва оилани қўллаб-қувватлаш жамоат фонди маблағлари ҳисобидан манзилли чоралар амалга оширилади.