Жамият

АНДИЖОН ВИЛОЯТИДА 367 МИНГГА ЯҚИН ХОНАДОНЛАР СУЮЛТИРИЛГАН ГАЗ ИСТЕЪМОЛЧИСИ ҲИСОБЛАНАДИ


13.09.2019   20687

«Ҳудудгазтаъминот» АЖ бошқарув раиси ўринбосари Тоҳиржон Турдиев иштирокида Андижон вилоятининг чекка ҳудудларида куз-қиш мавсумига тайёргарлик кўриш, суюлтирилган газ етказиб беришдаги муаммо ва камчиликлар хусусида аҳоли билан очиқ мулоқотлар ўтказилмоқда.

Марҳамат тумани Қўрғонча МФЙ, Булоқбоши тумани 2-сектор ҳудуди ҳамда Хўжаобод туманидаги Ордай МФЙларида бўлиб ўтган мулоқотларда аҳолини бугунги кунда суюлтирилган газ билан таъминлаш масаласи, уларнинг эҳтиёжлари, куз-қиш мавсумига тайёргарлик кўриш, техника ва ёнғин хавфсизлиги қоидаларига риоя қилиш ҳақида сўз борди. Шунингдек, «Ҳудудгазтаъминот» АЖ раҳбарлари аҳоли хонадонларида маиший газ баллонларидан ҳамда табиий газдан оқилона фойдаланиш, уларни етказиб бериш ва уларни техник синовдан ўтказишдаги хизматлар ҳақида тўхталди.

-Бугунги очиқ мулоқотда келган меҳмонларга маиший газ баллонга эҳтиёжим борлигини айтган эдим, шароитимни ўрганиб чиқиб, менга ҳам битта газ баллон ажратишадиган бўлди, - дейди Хўжаободлик Мавжудахон Қамчиева.

Андижон вилоятида 367 мингга яқин хонадонлар суюлтирилган газ истеъмолчиси ҳисобланади. Аҳолидаги мавжуд маиший газ баллонлар сони 548 мингтани ташкил этгани ҳолда, шундан 430 мингтаси газ таъминоти корхоналари томонидан тарқатилган. Жорий йилда вилоят аҳли эҳтиёжи учун қўшимча 30 минта газ баллонлари тарқатиш режалаштирилган. Аҳолига режада 30 минг 925 тонна суюлтирилган газ етказиш белгиланган бўлиб, эҳтиёждан келиб чиқиб 32 минг 841 тонна суюлтирилган газ етказиб берилди.

Кун сўнггида «Ҳудудгаз Андижон» МЧЖ биносида барча шаҳар-туманларнинг тегишли вакиллари билан аҳолига газ етказишдаги муомала маданияти, аҳоли мурожаатлари билан ишлаш, ўзларига юклатилган вазифаларни суистеъмол қилмаслик ва бошқа ҳолатлар ҳақида суҳбат ўтказилди.

Шу каби сайёр қабуллар Қорақолпоғистон Республикаси, Хоразм ва Сурхандарё вилоятларда хам ташкил этилди.

«Ҳудудгаз Андижон» МЧЖ матбуот хизмати.