Андижон 24

АНДИЖОН ВИЛОЯТИДА 251 МИНГ 315 ТА КЎЧМАС МУЛК КАДАСТР ҲУЖЖАТИГА ЭГА ЭМАС


12.11.2020   4437

Кейинги йилларда республикамизда ислоҳ қилинмаган соҳанинг ўзи қолмади, ҳисоб. Жумладан, кадастр йўналиши бўйича янги тизим вужудга келдики, эндиликда фуқароларга хизмат кўрсатиш борасида, энг аввало, шаффофлик таъминланмоқда. Айниқса, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 2 сентябрдаги “Кадастр соҳасида айрим давлат хизматлари кўрсатишнинг маъмурий регламентларини тасдиқлаш тўғрисида”ги қарори ижросини таъминлаш натижасида кадастр хужжатларини расмийлаштириш муддатлари объектнинг майдонидан келиб чиққан ҳолда нотурар жой объектлари учун 45 иш кунидан 25 иш кунигача, кўп қаватли уйларда жойлашган хонадонлар учун 5 иш кунидан 3 иш кунигача, якка тартибдаги уй-жойлар учун 7 иш кунидан 5 иш кунигача қисқартирилди.

Кадастр Агентлиги Андижон вилояти бошқармаси томонидан ташкил этилган “Ер ажратиш тизимида коррупцияга қарши курашиш ва бу борадаги қонунчилик асослари” мазусидаги Матбуот анжуманида ҳам соҳада олиб борилаётган ишлар, янгиликлар ҳақида маълумот берилди.

-Мамлакатимизнинг умумийер майдони 449.8 минг кв. км.ни ташкил этгани ҳолда шундан 2 млн. 9 минг 911 гектари Андижон вилояти ҳисобига тўғри келади,-дейди бошқарма бошлиғи Фаёзиддин Бердиқулов. - Якка тартибда уй-жой қуриш, тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиш, қишлоқ хўжалиги ерларини йўналишлари бўйича фермер хўжаликларига, деҳқон хўжалигига ва ноқишлоқ хўжалик эҳтиёжлари учун қандай тартибдаажратилиши бўйича ҳуқуқий билимларнинг етарли даражада мавжуд эмаслиги коррупцион ҳолатлар содир бўлишига сабаб бўлмоқда.

Матбуот анжуманида маълум қилинганидек, бу борада тизимли ишлар йўлга қўйилган. Натижада сўнгги уч йил ичида вилоятнинг ўзида соҳада 8 та коррупцион ҳолат аниқланиб, қонунбузарларга нисбатан амалдаги тартибларга биноан чора кўрилди. Бошқарма томонидан ўтказилган назорат давомида 14 нафар ходимга нисбатан интизомий чора кўрилди.

Айтиш жоиз, вилоятда соҳа тараққиётини таъминлаш борасидаги ишлар ҳам бир талай. Мисол учун, жами 647 минг 855 такўчмас мулк мавжуд бўлиб, шундан 251 минг 315 таси кадастр ҳужжатига эга эмас. 2021 йилнинг апрель ойигача бўлиб ўтадиган хатлов натижасида бу борада олиб бориладиган ишлар юзасидан “Йўл хатираси” ишлаб чиқилиши кўзда тутилган.

Зиё СИРОЖ.