ЖАМИЯТ

АНДИЖОН ВИЛОЯТИ УМУМИЙ ЮРИСДИКЦИЯ ВА МАЪМУРИЙ СУДЛАРИ СУДЬЯЛАРИ УЧУН ЎҚУВ-СЕМИНАРИ БЎЛИБ ЎТДИ.


29.01.2021   1577

Андижон вилояти умумий юрисдикция ва маъмурий судлари судьялари учун Олий суд судьялари А. Тўхташев, И. Тожиев, Ф. Турсунов иштирокида Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш. М. Мирзиёевнинг 2020 йил 24 июлдаги “Судлар фаолиятини янада такомиллаштириш ва одил судлов самарадорлигини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармони ва бошқа қатор қонунларга киритилган ўзгаришлар юзасидан ўқув-семинар бўлиб ўтди.

2021 йилнинг 13 январидан суд қарорлари устидан назорат тартибида шикоят бериш институти тугатилиши, суд қарорлари устидан апелляция ва кассация тартибида шикоят беришнинг амалдаги тартиби тубдан ўзагартирилиши, маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишларни кўриб чиқиш ваколати маъмурий судлардан жиноят ишлари бўйича судларга ўтказилиши каби муҳим ҳаётий ўзгаришлар хусусида семинарда иштирок этаётган суд корпуси вакиллари томонидан берилган саволларга ва суд мажлисларида юзага келаётган ёки юзага келиши мумкин бўлган муаммо ва масалаларнинг судлар томонидан хал этилиши борасидаги қонуний ечимларга алоҳида эътибор қаратилди.

Шу билан бирга, Олий суд судьялари суд мажлисларини ёритиш мақсадида жамоатчилик ва оммавий ахборот воситаси вакиллари, журналистлар ҳамда блогерлар томонидан қилинадиган мурожаатлар ва уларнинг кузатувчи сифатида судда иштирок этиш масалалари ҳам муҳокама этилди.

Семинарда суд-ҳуқуқ тизимида қатъият билан амалга оширилаётган ислоҳотлар аввало инсон ҳуқуқ ва эркинликларини амалда кафолатли ҳимоясини таъминлаш ҳамда таъсирчан механизмларини яратишга, давлат органлари фаолиятини айнан шу соҳага йўналтиришнинг ҳуқуқий кафолатларини мустаҳкамлашга хизмат қилаётгани алоҳида қайд этилди.