Андижон 24

Андижон вилояти: ПАНДЕМИЯ ЧЕКИНДИ ЖОНКУЯР ҲАМЮРТЛАРИМИЗ БОР БЎЛСИНЛАР!


04.05.2020   706

Андижон вилоятида пандемия оқибатлари изчил бартараф этилмоқда. Жорий йилнинг 15 мартидан шу кунга қадар вилоятда 61 минг 11 нафар фуқаро карантинга олинди. Уларнинг 3230 нафари республика ташқарисидан келганларни ташкил этди.

Вилоят ҳокими бошчилигида тиббиёт ходимлари, ташкилот ва муассасалар мутасаддилари саъй-ҳаракатлари билан 52600 нафар фуқаро карантин муддатини ўтаб, соғ-саломат уйларига қайтарилди. Қолган 8311 нафари ҳозирча тиббиёт ходимлари назоратида.

Беморлар билан мулоқотда бўлган 33 мингдан зиёд кишидан тест олиниб, вирусга текширилди. Жами 165 нафар бемор аниқланган бўлса, 4 май ҳолатига 120 нафари тўлиқ соғайди. 45 нафари вилоят юқумли касалликлар шифохонасида зарур муолажалар олмоқда. Беморларга 68 нафар шифокор, ҳамшира ва техник ходимлар хизмат кўрсатмоқда. Саломатлик посбонлари ўз бурчларини сидқидилдан, шараф билан адо этмоқдалар.

Айтиш жоизки, Ушбу ишлар учун маҳаллий бюджетдан 12 миллиард сўм, ҳомийлар ҳисобидан 2 миллиард сўмдан ортиқ маблағ сарфланди.

Карантин даврида аҳолининг кам таъминланган, эҳтиёжманд вакилларига кундалик озиқ-овқат маҳсулотлари, ҳимоя воситалари етказиб берилди. Ёрдамнинг манзиллилигини таъминлаш учун ташкил қилинган “Саll-марказ” хизмати орқали 17936 та мурожаат қабул қилинди.

Аксарият фуқароларимиз онгли равишда карантин қоидаларига риоя қилиб, уйда ўтирган бўлсалар, белгиланган тартибни бузганлар ҳам қайд этилди.

Жумладан, шу давр мобайнида тартибга риоя этмаганларга нисбатан 6467 та маъмурий баённомалар тузилди. 57 та ҳолатда тиббий назоратга олинган муассасаларни ташлаб кетиш, 57 та ҳолатда ноқонуний савдо қилиш, 6229 та ҳолатда ниқоб тақиб юрмаслик қайд этилди. 3 нафар шахсга нисбатан жиноий иш қўзғатилди.

С.Шукуров.