Бугуннинг гапи

АНДИЖОН ВИЛОЯТИ ҲОКИМИ КОММУНАЛЧИЛАРГА “ДАМАС” КАЛИТЛАРИНИ ТОПШИРДИ


02.06.2020   462

Андижон вилоят уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш бошқармаси тасарруфидаги «Таъмирлаш-тиклаш хизмати» Давлат унитар корхонаси кўп хонадонли уй-жой фондининг техник ҳолатини тубдан яхшилаш, куну-тун ишлайдиган диспетчерлик хизмати орқали уй-жойларга сифатли капитал ва жорий таъмирлаш ишларини ташкил этиш, таъмирлаш-тиклаш ишларини ўз вақтида амалга ошириш ҳамда хусусий уй-жой мулкдорлари ширкатларига, профессионал бошқарув компанияларга сифатли техник хизмат кўрсатиш ишларини ташкиллаштириш билан шуғулланади.

Аввалари корхона диспетчерлик хизматига кунига 10 дан ортиқ мурожаатлар келиб тушган бўлса, коронавирус пандемияси муносабати билан эълон қилинган карантин даврида мурожаатлар сони икки-уч баробарга ошди. Натижада корхона фаолиятини тубдан ривожлантириш орқали хизматлар сони ва сифатини янада ошириш зарурияти пайдо бўлди. Мутахассисларнинг меҳнатлари туфайли қисқа муддатларда ўнга яқин хизматлар йигирматагача етди. Йил охиригача эса хизматлар сони 50 тагача етказиш режалаштирилган. Бунинг учун эса албатта янги техникалар, махсус автотранспорт воситалари зарур.

Мана шуларни инобатга олиб, Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги жамғармаси маблағлари ҳисобидан махсус жиҳозланган 5 та “Дамас” автомашиналари харид қилинди.

2 июнь куни Андижон вилояти ҳокими Шуҳратбек Абдураҳмонов ушбу автотранспорт воситаларининг калитини «Таъмирлаш-тиклаш хизмати» Давлат унитар корхонасига тантанали равишда топширди.

- Эндиликда корхона мутахассислари вилоят бўйлаб ушбу транспорт воситаларда аҳолига турли йўналишларда маиший техникаларни ўрнатиш ва таъмирлаш, сантехник, электрик ва бошқа хизматларни таклиф этиш имкониятига эга бўлди, - дейди вилоят уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш бошқармаси бошлиғи Машъалбек Таджибаев. – лойиҳанинг аҳамияти шундаки, хизматлардан фойдаланиш учун юртдошларимиз «1184» – қисқа рақамига қўнғироқ қилиш ёки ижтимоий тармоқлардаги манзилларга манзил ва юзага келган муаммо ҳақида хабар қилсалар етарли. Мурожаатни олган мутахассислар шу вақтнинг ўзидаёқ зудлик билан айтилган манзилга етиб боришади ҳамда муаммони қисқа фурсатда бартараф этишади.