Бугуннинг гапи

Андижон вилояти ҳокими ҳам Бобур таваллуд кунига бағишланган флешмобда рубоий ўқиди


14.02.2018   340

Башарият тарихида давлат арбоби, шоҳ, саркарда ва истеъдодли шоир сифатида из қодирган Заҳириддин Муҳаммад Бобур жаҳон маданиятига улкан ҳисса қўшган алломалардан биридир

14-февраль санаси эса юртимизда шоир таваллуд топган кун сифатида кенг нишонланади. Андижон вилоятида ҳам ушбу сана муносабати билан меҳнат жамоалари, таълим муассалари ҳамда маҳаллаларда бир қатор маънавий-маърифий тадбирлар бўлиб ўтмоқда.

Боғишамол даҳасидаги Боғи Бобур мажмуасида чет эллардан ташриф буюрган олимлар иштирокида шоир ижодига бағишланган илмий конференция, Бобур номли вилоят драма театрида “Назм ва наво” кечаси ўтказилади.

Андижон вилояти ҳокимлиги шоҳ ва саркарда таваллуди куни олдидан унинг номи билан аталувчи ҳиёбонда ўзига хос тадбир ташкил қилди.

Ўнга яқин Бобур сиймосидаги актёрлар унинг ғазал ва тўртликларидан намуналар ўқидилар.

Шоирнинг эл ичида машҳур бўлган асарларини турли касб эгалари ўз иш жойларида ўқиб берганлиги акс этган видеолавҳалар ҳафта давомида вилоят телевидениеси орқали намойиш этилиб, кенг жамоатчилик йиғилган хиёбондаги флешмобда иштирок этган вилоят ҳокими Шуҳратбек Абдураҳмонов ҳам ушбу видеоролик учун шоир рубоийларидан бирини ўқиди.

Тадбирда иштирок этган ёшлар Бобур рубоийларидан ёд айтдилар.

Элмурод ЭРМАТОВ.