Андижон 24

АНДИЖОН ВИЛОЯТ ҲОКИМИ ШУҲРАТБЕК АБДУРАҲМОНОВ МУРОЖААТНОМАСИ


29.03.2020   13847

Ассалому алайкум қадрли ҳамюртлар, ҳурматли Андижонликлар. Хабарингиз бор, Президентимизнинг топшириғига асосан Коронавирус инфекциясини тезроқ бартараф қилиш, карантин даврида фуқаролар хавфсизлигини ва санитария-эпидемиологик осойишталикни таъминлаш мақсадида вилоят штаби ташкил этилган бўлиб, 24 соат мобайнида ўз фаолиятини олиб бормоқда.

Бугун Сизларга иккинчи маротаба мурожаат қилишга ундаган асосий сабаблардан бири шундаки, бутун дунёнинг долзарб масалаларидан бири бўлиб турган коронавирус пандемияси Ўзбекистонга ҳам кириб келгани ва уни тарқалишини олдини олиш бўйича вилоятимизда олиб борилаётган ишлар ҳамда кўрилаётган чора-тадбирларга қарамасдан жорий йилнинг 29 март кунги ҳолатига Андижон вилоятида ушбу касалликка чалинган ва юқтириб олган инсонларнинг сони 6 кишини ташкил этади.

Шу кунга қадар 3 мингдан ортиқ четдан кириб келган фуқароларни белгиланган тартибда тиббий кўрикдан ўтказилиб, карантинга олинаётганлиги, улар билан карантин вақтида керакли муолажаларни олиб борилаётганлиги, дори-дармон, ташхис қўйишга мўлжалланган замонавий тиббий ускуналар ёрдамида уларнинг касалликларни барвақт аниқлаш мақсадида бор имкониятимизни ишга солинаётганлиги барчамизга маълум.

Президентимиз бошчилигида ушбу касалликка қарши курашиш мақсадида давлатимиз қанча-қанча маблағ ажратмасин, вилоятимизда тиббиёт соҳаси қанчалик ривожланган бўлмасин, кучли ва юқори малакага эга бўлган шифокорларимиз бўлмасин, одамларимиз шифокорлар тавсиясига амал қилмаса, тартиб-интизомли бўлиб, карантин қоидаларига риоя этмаса, барча кўрилаётган чораларимиз, пандемияга қарши курашиш учун сафарбар қилинган минглаб фидойи инсонларнинг меҳнати беҳуда кетиши мумкин.

Аммо шу билан бир қаторда зарурат бўлмаса, уйларида қолиши тавсия қилинган фуқароларимиз томонидан белгиланган карантин қоидаларига амал қилмаётган, ўзбошимчалик билан кўчаларда бемақсад юрган, махсус тиббий ниқобларни тақмаётган фуқароларимиз бугун нафақат бизни, балки ўз оиласини, ўзини ҳаётини хавф остига қўяётганлигига гувоҳ бўлаябмиз.

Куни кеча Муҳтарам Президентимиз томонидан имзоланган Қонунда “Карантин даврида атрофидаги инсонларнинг соғлиғи ва ҳаётини хавф остига қўйганлар 10 йилгача озодликдан маҳрум этилиши” белгилаб қўйилганлигини алоҳида таъкидлаб ўтмоқчиман.

Ушбу касаллик юртимиз учун, Андижонликлар учун яна бир синовидир. Вилоятимиз аҳолиси, иккинчи маротаба амалга ошираётган мурожаатимиздаги тавсияларга ва кўрсатмаларга амал қилсалар, одамларимиз карантин даврида ҳаётий заруратсиз ўз хонадонларини тарк этмаса, касалликнинг илк белгилари аниқланганда, уни яширмай, ўзбилармонлик қилиб уй шароитида даволашга уринмасдан, шифокорларга ўз вақтида мурожаат қилсалар, биз бу касалликни, албатта, енгамиз!

Вилоятимизда озиқ-овқат ва бошқа кундалик истеъмол маҳсулотларининг нархи ошиб кетмаслиги учун шахсан ўзим бошчилигимда барча чоралар кўрилмоқда. Давлат солиқ қўмитаси, прокуратура органлари, бозорлар уюшмаси ҳамда тадбиркорлар иштирокида ушбу жараёнлар алоҳида назорат остида эканлиги бугун барчамизга маълум.

Шу билан биргаликда, бугун, вилоятимизда озиқ-овқат заҳиралари етарли даражада мавжуд ва ушбу масалада ҳеч ким ташвишга тушмасликларини алоҳида сўраб қоламиз.

Ҳурматли фуқаролар ушбу кўрилган чоралар, албатта аҳолимизнинг саломатлиги ва осойишталигини таминлаш мақсадида олиб борилаётганлигини яна бир бор ҳис этиб ва қонун-қоидаларга қатъий амал қилишимиз зарур.

Азиз Андижонликлар!

Ўз вақтида қанчадан-қанча синовлар ва оғир кунларни бошидан кечирган халқимиз вазиятга тўғри баҳо бериб, ушбу синовларни ҳам мардонавор енгиб ўтишига ишонамиз.

Эътиборингиз учун раҳмат!