ЖАМИЯТ

АНДИЖОН ВАКИЛЛАРИ ТЕРМИЗДА


03.04.2019   3597

Халқаро бахшичилик санъати фестивалига вилоятимиздан 100 га яқин қатнашчилар ташриф буюрди. Маданият ва санъат ходимлари, ҳунарманд, ошпаз, дорбозлардан иборот гуруҳ анжуманни кўтаринки кайфиятда ўтишига ўзининг ҳиссасини қўшмоқда.

- Бахшичилик санъати миллий қадриятларимизнинг ажралмас қисми ҳисобланади, - дейди мусиқий асбоблар устаси Абдумалик Мадраҳимов. – Миллий мусиқа асбоблардан биринчиси дўмбира бўлган, деган таҳминий ҳужжатлар бор. Бугунги байрам оғушидаги Термиз шаҳрига иккита янгилик билан келганмиз. Уларнинг бири – профессионал бахшилар учун, иккинчиси - мактаб ўқувчиларига мослаштирилган. Ҳар иккиси ўйиқ ишланган бўлиб, мутахассислар хажми, вазни, овози, ихчамлиги ва бежиримлигини эътироф этишмоқда.

Машҳур кулол Мирзабаҳром Абдуваҳобов тайёрлаган маҳсулотларкўпчиликнинг эътиборини тортмоқда. Анъанавий кулолчилик мактабини яратган уста ёшлар учун маҳорат дарслари ташкил этяпти.

- Термиз давлат университетида кулолчилик устахонаси ташкил этилгани ҳайрли ишлардан бўлибди, - деди Мирзабаҳром Абдуваҳобов. - Бу ерда ёшлар учун етарли шароитлар яратилган. Мен ҳам ўз билганларимни ёшларга ўргатганимдан мамнунман.



Миллий ҳунармандчилик анъаналари мустақиллик йилларида янада ривожланди. Вилоятларда ҳунармандлар бошқармасининг ташкил этилгани бу соҳада янги босқични бошлаб берди.

-Турли йўналишларда фаолият олиб бораётган ҳунармандларнинг муаммоларини ҳал этиш, рағбатлантириш ва бирлаштириш мақсадида олиб бораётган ишларимиз самара бермоқда, - дея мамнунлигини билдирди бошқарма бошлиғи Шаҳлохон Солиева. – Бугун Термиз шаҳрига олиб келган намуналаримиз ҳам шундан дарак беради. Мингхожиддин Қосимовнинг ҳаттотлик, Низомиддин Эргашевнинг қўғирчоқбозлик, Муслима Мирзаеванинг тўқувчилик, Латофатхон Тўланованинг зардўзлик маҳсулотлари миллий анъаналар ва замонавий услублар билан уйғунлашган.

Вилоят учун ажратилган майдонда Андижоннинг тарихий жойлари акс эттирилган. Машҳур “Чўнтак” чойхонасининг кўриниши жойлаштирилган. Актёрлар томонидан Заҳириддин Муҳаммад Бобур, Хонзодабегим ва Абдулҳамид Сулаймон ўғли Чўлпон сиймолари гавдалантирилган.

Ўтган йили Шахрисабзда ўтган Халқаро мақом санъати фестивалида вилоят мусиқали драма театри актёри Зафарбек Саидбурхонов Бобур образини яратган эди. Бу гал ҳам масъулиятли вазифа унинг зиммасига юклатилди.

- Режиссёр Исоқжон Эргашевнинг тавсияси билан соқол-мўйловни олдирмаганим катта натижа берган эди, - эслайди у. – Хорижлик сайёҳлар, ҳатто ҳамюртларимизнинг кўпчилиги суратга тушиш учун бўш ўтиришимга йўл қўйишмаганди. Термизга тайёргарлик ҳам сартарошхонага бормасликдан бошланди. Ростини айтсам, анча ноқулайликлар бўлди. Айниқса, поездга чиқишда назоратчилар кўригидан ўтишда тушунтириш беришга тўғри келди.

Шунингдек, Ўктамжон Юсупов раҳбарлигидаги “Мадамин дорбоз” халқ жамоаси ранг-баранг томошалари билан иштирок этмоқда. Дорбозларнинг тўртинчи сулоласи бўлган Ўктамжон полвон ўғиллари, набиралари билан меҳмонлар ва сурхандарёликларга байрамона кайфият улашмоқда.

- Балиқчи, Булоқбоши, Қўрғонтепа туманларидан фольклор-этнографик жамоалар, Ўзбекистон давлат филармонияси Андижон филиали раққоса ва хонандалари, намунавий мақом ансамбли созандалари мумтоз ва замонавий санъат асарларини тақдим этмоқдалар,-деди вилоят маданият бошқармаси бошлиғи Марҳабохон Сатторова.-Бундан ташқари вилоят кутубхонаси ноёб асарлар, андижонлик шоир ва ёзувчиларнинг ижод намуналари, вилоятимиз тарихи, бугуни ҳақидаги китоблар билан, қўғирчоқ театри жамоасиболалар учун мўлжалланган саҳна кўринишлари билан қатнашмоқда. Ошпазлар андижонча ош дамлашади.

Мамлакатимиз маданий ҳаётида тарихий воқеа сифатида муҳрланадагн шу кунларда Термизда ҳар бир вилоят вакиллари ўзларининг улушларини қўшиш учун ҳаракат қилмоқдалар. Анъанага айланиши режалаштирилган анжуман узоқ йиллар давомида унда иштирок этган ватандошларимиз ва меҳмонлар хотирасида акс-садо бериши шубҳасиз.

Муроджон ТЎХТАНАЗАРОВ.