Андижон 24

АНДИЖОН – ЎШ: ҲАМКОРЛИК ДАВОМ ЭТМОҚДА


16.05.2018   1613

Апрель ойида Қирғизистон Республикасининг Ўш вилояти Қорасув районидан 80-ўрта мактабнинг бир гуруҳ ўқитувчилари, ўқувчилари ҳамда давлат идоралари вакилларидан иборат делегация Андижон шаҳрига ташриф буюриб, 30-умумтаълим мактаби тажрибаларини ўрганиб қайтган эдилар. Яқинда бизнинг вакилларимиз Қорасув районига жавоб ташрифи билан бордилар.

“Дўстлик” божхона чегара постида кутиб олинган делегация Хабибулло Тожиматов номидаги 80-ўрта мактабга келди. Бу ерда ўқувчилар томонидан тайёрланган мусиқий композицияда икки халқ ўртасидаги абадий дўстлик ришталари ифодалаб берилди. Сўзга чиққанлар мана шундай дўстлик алоқаларининг янада мустаҳкамланиши давлатларимизнинг ривожига, ёшлар ўртасидаги ўзаро аҳилликка хизмат қилишини таъкидладилар.

- Мактабимизда ўзбек, қирғиз, турк ва бошқа миллат вакилларининг фарзандлари таълим-тарбия олиб келмоқда, - дейди мактаб директори Мухторжон Пайзуллаев. – Уларга имкон қадар етарли шароитлар яратишга ҳаракат қилмоқдамиз. Мақсадимиз фарзандларимизга пухта билим беришдир.

Мактабнинг илмий бўлим мудири Дилфузахон Фирдавсхонова бундай тадбирларнинг ўтказилиши ёшларнинг таълим-тарбиясида ҳам муҳим аҳамиятга эга эканлигини билдирди.

- Ўзбекистонлик ҳамкасбларимизнинг ташрифи дўстона алоқаларимизнинг мустаҳкамланиб бораётганидан далолатдир, - деди у. - Ўтган сафар Андижонда бўлиб, катта таассуротлар билан қайтдик. Айниқса, Ўзбекистон халқ шоири Муҳаммад Юсуф таваллуди муносабати билан ўтказилган тадбирларда иштирок этганимиз ўқувчиларимизни ғоятда қувонтирди. Бу каби ҳамкорликни янада кўпайтириш режаларимиз бор.

Дарҳақиқат, ўқувчиларнинг Муҳаммад Юсуф шеъриятига бўлган муҳаббати бизни лол қолдирди. Муҳаммад Юсуф қаламига мансуб Ватан, дўстлик, тинчлик, эзгулик ҳақидаги шеърлар жаранги қалбларни тўлқинлантиради.

Мактабда таълим - тарбия ишлари яхши йўлга қўйилган. Бир - бирини такрорламайдиган синф хоналарида устозлар ёшларга илм сирларини бериб келмоқда. Ўзбек тили ва адабиётига ҳам алоҳида эътибор қаратилиб, Чўлпон, Абдулла Қаҳҳор, Саид Аҳмад, Мирзакалон Исмоилий, Абдулла Орипов, Эркин Воҳидов, Муҳаммад Юсуф ҳаёти ва ижоди севиб ўрганилади.

Абдулҳамид Сулаймон ўғли Чўлпон номидаги 79-ўрта мактаб райондаги етакчи таълим даргоҳларидан бири ҳисобланади. Ўзбек, қирғиз ва рус тилларида билим берилади. Ўтган йили битирувчиларнинг олий ўқув юртига кириши бўйича натижалар юқори бўлди. Жорий этилган янги ўқитиш технологиялари ўзининг ижобий самарасини берди. Қирғизистон Республикасида хизмат кўрсатган ўқитувчи, мактабда узоқ йиллардан буён директорлик қилиб келаётган Моҳирахон Абдукаримова изланувчан, янгиликларни таълимга олиб киришдан чарчамайдиган педагоглардан. Эришган ютуқлари ва таълим соҳасидаги фидойилиги учун учинчи даражали ”Манас” ордени билан тақдирланган.

М.Абдукаримова эришган ютуқларида Ўзбекистон, ҳусусан, Андижоннинг ҳиссаси катта эканини қувонч ва ҳаяжон билан гапириб берди:

-Мен Андижон давлат университетининг физика-математика факультетини 1972 йилда имтиёзли диплом билан тугатганман. Устозларимдан олган билим ва кўникмаларим менга ҳаётда, меҳнат фаолиятим давомида жуда кўп асқотди. 15 йил вилоят халқ таълими бошқармаси бошлиғининг ўринбосари вазифасида ишладим. Ҳозир нафақада бўлсам ҳам таълим соҳасидаман. Бу - Ўзбекистоннинг менга берган билими ва тарбияси, деб биламан. Икки эл ўртасидаги мана шундай ҳамкорлик биз устозларни жуда мамнун қилмоқда. Таълим тизимидаги ўзаро тажриба алмашишлар ўзининг самарасини беради ва ёшларимизнинг пухта билим олишига хизмат қилади.

Мактабда болалар боғчаси ҳам ташкил этилган. Кичкинтойларда бошланғич кўникма шу ернинг ўзида ҳосил қилинади. Делегация вакиллари боғчадаги шарт-шароитлар билан танишдилар. Ўқувчилар Абдулҳамид Чўлпон ҳаёти ва ижоди ҳақида гапириб, унинг шеърларидан парчалар ўқиб бердилар.

Кумар Мўмбекова номидаги 101-ўрта мактабда бўлган вакилларимиз ўқитиш жараёни, хужжатлар билан ишлаш тажрибаларини ўргандилар. Мактабда қўл меҳнати билан ясалган гуллар, турли хил буюмлар катта қизиқиш уйғотди. Асосан чиқинди ва иккиламчи хом ашёдан тайёрланган бу санъат асарлари ўқувчилар томонидан ясалгани қувонарли.

-Бугунги тадбирда иштирокчи бўлганимдан қувоняпман, -дейди Андижон шаҳридаги 30-умумтаълим мактаби ўқитувчиси Моҳигул Солиева. - Чунки, биз ўрганадиган жиҳатлар кўп экан. Ҳамкасбларимиз билан ўзаро мулоқотлар, дарсларни кузатиш, ўқувчиларнинг иштироки, юриш-туриши, тиришқоқлиги бизни янги ғояларни амалга ошириш сари ундамоқда. Бу ерда ўрганганларимни ўз фаолиятимда албатта қўллайман.

Тўйчи Олтибоев номидаги 94-ялпи билим берувчи мактабдаги учрашувлар, ўрганишлар ҳам таассуротларга бой бўлди. Фанларни ўзлаштириш, тил ўрганиш, спорт ва ижоддаги муваффақиятлар бўйича фикр алмашилди. Ушбу даргоҳда халқимизнинг ардоқли шоири Шавкат Раҳмон таҳсил олган. Шунинг учун бўлса керак, ўқувчилар орасида ҳам, ўқитувчилардан ҳам шеъриятга қизиқувчилар кўпчиликни ташкил этади.

Мактабда делегацияни кузатиш маросимига бағишланган тантанали маросим ҳақиқий шеърхонлик, мусиқа ва қўшиқ байрамига айланиб кетди. Ҳар икки тилдаги қўшиқлар ижро этилиб, биродар халқларнинг буюк шоирлари ёзган асарлар ўқилди. Баланд оҳангларда, жарангли овозларда дўстлик, тинчлик ва озодлик тараннум қилинди.

-Қорасув мамлакатимизда энг катта район ҳисобланади,-дейди район ҳокимининг ўринбосари Меҳринисо Жўраева.-Аҳолиси420 мингдан ортиқ бўлиб, шундан 160 мингги ўзбеклар. Бугунги тадбирга мактабларда алоҳида тайёргарлик кўрилди. Келган меҳмонларимиз биздан кўпроқ ўрганишлари, айнан шу соҳада ўзлари эришаётган муваффақиятлар билан ўртоқлашиши учун ҳаракат қилдик,ўйлайманки, кўзланган натижага эришдик. Мана шундай дўстлик алоқалари ҳар икки мамлакат таълим тизими ходимлари учун ҳам фойдали бўлишига ишончим комил.

Делегация Ўш шаҳридаги диққатга сазовор жойлар, ҳусусан Сулаймон тоғидаги ғор-музейда бўлдилар ва кўплаб янги ғоялар билан Андижонга қайтдилар.

Муроджон Тўхтаназаров,

Рустамжон Эшонов.