Бугуннинг гапи

Андижон ўғлонлари хизматга отланди


05.02.2018   392

Мустақиллик йилларида миллий армиямиз ёшларнинг иродасини тоблайдиган, ўз Ватани ва халқига садоқат руҳида тарбиялайдиган жасорат ва матонат мактабига айланди, эл-юртимиз тинчлиги ва осойишталиги, сарҳадларимиз дахлсизлигини таъминлашга бўлган қизиқиши ва интилиши янада кучайди.

Шу кунларда вилоят мудофаа ишлари бошқармаси ва унинг шаҳар, туманлардаги бўлимларида Президентимизнинг 2018 йил 13 январдаги "Ўзбекистон Республикаси фуқароларини муддатли ҳарбий хизматга навбатдаги чақируви ҳамда белгиланган хизмат муддатларини ўтаб бўлган ҳарбий хизматчиларни Қуролли Кучлар резервига бўшатиш тўғрисида"ги қарори ижросини таъминлаш борасида қатор чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.

Бугун бошқарма йиғув пунктида чақирилувчиларнинг 208 нафардан иборат дастлабки гуруҳини муддатли ҳарбий хизматга тантанали кузатиш маросими бўлиб ўтди. Унда давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, ҳарбий хизматчилар, бўлажак аскарлар иштирок этди.

Тадбирда Қуролли Кучлар тизимида амалга оширилаётган изчил ислоҳотлар ўзининг юксак самараларини бераётгани таъкидланди. Йигитларга омад ва оқ йўл тиланди.

Андижон шаҳрида яшовчи Шохрухбек Абдуманнопов болалигидан ҳарбий бўлишни орзу қилади. Мактаб ва коллежда аъло баҳоларга ўқиш билан бирга спортнинг таэквондо тури билан мунтазам шуғулланиб келади. Қатор мусобақаларда ғолибликни қўлга киритган, 1-дан қора белбоғ соҳиби. Шоҳруҳбекнинг ҳаракатлари зое кетмади. Орзуси ушалиб, чақирув мавсумида жисмоний тайёргарлик ва тест синовларидан етарли балл тўплаб, муддатли ҳарбий хизматга муносиб топилди.

– Миллий армиямиз сафида хизмат қилиш ҳар бир йигит учун шарафли бурч, – дейди Шоҳрухбек. – Хизмат давомида ҳарбий соҳа сир-асрорларини пухта ўрганиб, юртга муносиб ўғлон бўлиш, ота-онам ҳамда устозларим юзини ёруғ қилишни ўз олдимга мақсад қилдим.

Шаҳримиздаги “Гумбаз” тантаналар саройида тўкин дастурхон ёзилиб, ош тортилди. Кексаларимиз томонидан дуолар қилинди.

Маросимда бўлажак аскарларга ташкилотчилар томонидан эсдалик совғалари топширилди. Андижон шаҳар маданият бўлими хонандалари томонидан ижро этилган куй-қўшиқлар даврага ўзгача файз киритди.

Умиджон МАМАРАСУЛОВ.

Муаллиф олган сурат.