Андижон 24

АНДИЖОН ТУМАНИДА ОНА ЎЗ ФАРЗАНДИГА ШАЪРИЙ НИКОҲ ЎҚИДИ


24.09.2019   10729

Сарлавҳани ўқиб, таажжубланганингиз аниқ. Бироқ бор гап. Амалдаги қонунларимизни ҳам, динимиз ва виждонини ҳам бир четга суриб қўйиб, ўз фарзандининг оиласига зомин бўлган онани қандай аташ мумкин.

Очиқ сайёр суд мажлисида иштирок этганлар хайратдан ёқа ушладилар. Судланувчи Фарида Расулова (исм ва шарифлар ўзгартирилган) 1969 йили Андижонтуманида туғилган.Оилали, 4 нафар фарзанди бор. Оналик бахти ва фарзанднинг ота-она учун қанчалик азиз эканлигини яхши билади. Бироқ ҳаммасини бир четга сурди. Ўз фарзандининг оиласини бузилишига, яна иккинчи бир жиноятни юзага келишига сабабчи бўлди.

Жабрланувчи И.Алимова 2017 йили Ф.Расулованинг ўғли Б.Алимов биланқонуний никоҳдан ўтиб, оила қурган. Ўзаро келишмовчиликлар сабаб юзага келган жанжалларга оиласи ва фарзандининг тақдирини ўйлаб кўз юмди. Бироқ охирги вақтларда оиласидагилар тинчлик бермади. Натижада ота-онасиникида яшашга мажбур бўлди.

Ёш оилани тиклаш, набирасини ўз бағрига олиш ўрнига Фарида ўғлини яна уйлантиришга қарор қилади. Келин ҳам топила қолди. Бўз туманида яшовчи Г.Махмудова унинг таклифига рози бўлди.

Эр ва хотин ўртасидаги никоҳ расман ажрим бўлмагани тўйгатўсиқлик қилди. Ваколатли дин пешволари никоҳ ўқишга кўнмадилар. Қарангки, хийлагар она бунинг ҳам йўлини топди. Аёл боши билан унинг ўзи шаьрий никоҳ ўқишга жазм қилди. Шундан сўнг кичкинагина тўй ҳам бўлиб ўтди. Ноқонуний қурилган оила шу билан бир умрлик бўлди, дея онанинг (агар шу номга лойиқ бўлса) кўнгли тинчиди.

Фарзандининг тирик етим бўлаётганини кечира олмаган И.Алимова бундан норози бўлиб, судга мурожаат қилди. Ўзининг бошига тушган бу кунлар яна бир аёлнинг ҳаётида такрорланиши мумкинлигини билдирди. Қолаверса, фуқаролик ҳуқуқларидан фойдаланиб, никоҳ ўқиган шахсни қонун доирасида жазоланишини талаб қилди.

Суднинг қора курсисида ўтирган она қилмишидан пушаймон. Белгиланган тартибда жазо олишга ҳам рози. Бироқ атрофидагилар уни кечирармикин? АЁЛ, яна ОНАнинг ўз фарзандига никоҳ ўқиши...

Олимжон ҚАХХОРОВ,

Андижон тумани маъмурий суди раиси.

Акбаржон НАЗАРОВ.

Журналист.