Андижон 24

Андижон туманида «Andijan Silk.Co» қўшма корхонаси очилди


19.05.2018   2458

Шавкат Мирзиёев ушбу корхонага ташрифи чоғида рамзий тугмани босиб, унинг фаолиятига старт берди. Бу ерда амалга оширилган ишлар билан танишди.

Масъулияти чекланган жамият шаклидаги ушбу Ўзбекистон – Хитой қўшма корхонасида пилла қайта ишланиб, тайёр маҳсулотлар ишлаб чиқариш йўлга қўйилди.

Давлатимиз раҳбарининг 2017 йил 29 мартдаги қарорига мувофиқ “Ўзбекипаксаноат” уюшмаси ташкил этилган эди. Уюшма томонидан бугунги кунда тармоқни жадал ривожлантириш, соҳага инновацион технологияларни жорий этиш, ипак қуртини янгича усулда парваришлаш, илғор давлатлар тажрибасини ўрганиш орқали пилла сифати ва миқдорини ошириш бўйича қатор ишлар олиб борилмоқда.

«Andijan Silk.Co» қўшма корхонасига 2 миллион 100 минг доллар эвазига Хитойда ишлаб чиқарилган ип йигирув ва тикув машиналари келтириб ўрнатилди. Натижада 150 киши доимий иш ўрнига эга бўлди. Жорий йил охиригача ишчилар сонини 300 тага етказиш кўзда тутилмоқда.

Лойиҳа тўлиқ қувват билан ишга туширилгач, йилига 300 тонна қуруқ пилла қайта ишланади. 2018 йилнинг ўзида 5,1 миллион долларлик тайёр маҳсулот экспорт қилиш режалаштирилган.

Шу ернинг ўзида пиллачиликни ривожлантириш, чарм-пайафзал, қурилиш материаллари, ип-калава ҳамда газламалар ишлаб чиқаришга мўлжалланган лойиҳалар тақдимоти ҳам ўтказилди.

Давлатимиз раҳбари мазкур лойиҳалар юзасидан мутасаддиларга тегишли топшириқлар берди.

prezident.uz сайтидан олинди.