ЖАМИЯТ

АНДИЖОН ТИББИЁТ МУАССАСАЛАРИДА КОРРУПЦИЯ ҲОЛАТЛАРИНИ КЕЛТИРИБ ЧИҚАРУВЧИ ОМИЛЛАР ЎРГАНИЛДИ


22.02.2021   1700

Ўзбекистон Республикаси Коррупцияга қарши курашиш агентлиги директори Акмал Бурхонов Андижон вилоятидаги тиббиёт муассасаларида бўлиб, уларнинг фаолиятини ўрганди.

Президентимиз Шавкат Мирзиёев раислигида 2020 йил 6 ноябрда соғлиқни сақлаш тизимининг бирламчи бўғинини такомиллаштириш ва аҳоли ўртасида соғлом турмуш тарзини шакллантириш чора-тадбирларига бағишланган видеоселектор йиғилишида соҳадаги коррупцион ҳолатларни бартараф этиш, соҳани шаффоф тизимга айлантириш юзасидан Коррупцияга қарши кураш агентлиги зиммасига қатор вазифалар юклатилган эди. Ана шу вазифалардан келиб чиқиб, агентлик томонидан соғлиқни сақлаш тизимида “Коррупциясиз соҳа” лойиҳасини самарали амалга ошириш мақсадида ҳудудларда ўрганишлар ўтказилмоқда.

Жумладан, Андижон вилоятидаги ўрганишлар жараёнида ихтисослашган шифохоналар, туман, шаҳар тиббиёт бирлашмалари, оилавий поликлиникалар, шошилинч тиббий ёрдам кўрсатиш марказларида фаолият юритаётган ҳамшира ва шифокорлар билан коррупция ҳолатларининг келиб чиқиш сабаблари, ушбу иллатнинг олдини олиш хусусида суҳбатлар ўтказилди.

Тиббиёт муассасаларида ходимларга коррупция ҳолатлари, уни келтириб чиқарувчи омиллар, таниш-билишчилик ва порахўрликка йўл қўймаслик, уларни келтириб чиқарадиган салбий оқибатлар юзасидан кенг маълумот ва тушунтиришлар берилди.

– Давлатимиз раҳбари “маҳаллабай” ва фуқаролар билан юзма-юз ишлаш тизими ҳақида бекорга қайта-қайта гапираётгани йўқ, – дейди Коррупцияга қарши курашиш агентлиги директори Акмал Бурхонов. – Коррупция билан боғлиқ ҳолатларнинг асл сабаблари, унинг илдизини аниқлаш учун энг аввало, қуйи бўғин фаолияти, у ердаги ҳолат ва мавжуд шарт-шароитлар ўрганилмас экан, бу борадаги муаммоларни ҳал этишга қаратилган саъй-ҳаракатларимиз кутилган самара бермайди. Шу боис ўрганишларни қуйи бўғинлар, чекка-чекка ҳудудлардан бошладик.

Ўрганишлар давомида тиббий муассасаларда даволанаётган беморлар билан ҳам мулоқотлар ўтказилиб, уларнинг соғлиқни сақлаш тизими, тиббий хизмат сифати ва савияси хусусидаги фикрлари ўрганилди. Мазкур жараёнда тиббиёт муассасаларида яратилган шарт-шароитлар, бепул хизматдан фойдаланиш даражаси, дори-дармонлар билан қай даражада таъминланганлиги, шифокорлар томонидан ортиқча нарсалар талаб қилиш ҳолатлари, ишга қабул қилиш тартиби каби масалаларга алоҳида эътибор қаратилди.

Ф. Убайдуллаев, З. Умрзоқов (сурат).