Андижон 24

Андижон тажрибаси: 1000 ГЕКТАР МАЙДОНДАГИ ҒЎЗА ҚАТОР ОРАЛАРИГА СОЯ ЭКИШ БОШЛАБ ЮБОРИЛДИ


28.05.2020   2898

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев жорий йил 21 май куни Андижон вилоятига ташрифи доирасида дастлаб Олтинкўл туманидаги «Кўҳна водий баҳори» фермер хўжалигида бўлиб, ғалла ва ғўза ривожини кўздан кечирган эди.

«Иқлим шароити юртимизга ўхшаш хорижий давлатларда пахтадан 70 центнергача ҳосил олишади. Қандай қилиб? Илм билан, ақл билан. Андижонда ер камлигини ҳисобга олиб, ундан икки карра самарали фойдаланиш зарур. Ишсиз, даромади етарли бўлмаган минглаб одамлар бор. Ишимизга ўшаларнинг кўзи билан баҳо беришимиз керак», — дея таъкидлаган эди Президентимиз.

Давлатимиз раҳбари ғўза қатор ораларига сердаромад ва фойдали дуккакли экин - соя экиш бўйича Андижон тажрибасини яратиш бўйича кўрсатмалар бериб, «Фермер далага режа учун эмас, даромад учун кириши керак. Соя экилса, битта майдондан икки баробардан зиёд даромад олиш, яна кўпроқ одамларни иш билан таъминлаш мумкин. Ундан олинадиган мой ҳам, омихта ем ҳам жуда сифатли, бозорбоп. Тўғри, бу қийин. Лекин қайси иш осон?», — дея мутасаддилар олдига бир қатор вазифаларни қўйганди.

Шу кунларда Жалақудуқ тумани далаларида синов тариқасида ишлар бошлаб юборилди. Қишлоқ хўжалиги мутахассислари соя етиштириш бўйича катта тажрибага эга фан доктори, профессор Дилором Ёрматова билан ҳамкорликда Пахтакор массивида жойлашган "Яхши ниятли Фирдавс" ҳамда "Нурли келажак рамзи" фермер хўжаликларида бу борадақизғин иш олиб боришяпти.

- Туманимизда жами 6 минг 218 гектар пахта экин майдони мавжуд.Ҳозирда 181 та фермер хўжалиги тасарруфидаги 1000 гектар ердаги ғўза қатор ораларигатажриба сифатидасоя экишни бошладик- дейди туман ҳокими Фурқатбек Бузруков. - Асосий мақсадаҳолини озиқ-овқат маҳсулотларига, хусусан, ўсимлик мойига бўлган эҳтиёжини тўла қондириш, импорт ҳажмини қисқартириш, чорвачилик ва паррандачиликнинг озуқа базасини мустаҳкамлашдир.

Мутасаддиларнинг билдиришича, мазкур дуккакли ўсимлик барча қишлоқ хўжалик экинлари – кузги ғалла, ғўза, маккажўхори, сабзавотлар ва бошқалар учун энг яхши ўтмишдош ҳисобланади. Ундан мўл ва сифатли ҳосил етиштиришда тупроқ унумдорлиги ҳамда сув таъминоти яхши бўлган майдонларни танлаб олиш, шунингдек, экинни тупроқ шароитидан келиб чиққан ҳолда жойлаштириш мақсадга мувофиқдир.

Вилоятнинг бошқа туманларида ҳам бир пайтнинг ўзида ғўза ва сояни бир-бирига уйқаш ҳолда парваришлаш чора-тадбирлари белгиланяпти.

Рустамжон ЭШОНОВ.