Бугуннинг гапи

АНДИЖОН ТАЛАБА-ЁШЛАР ХАЛҚАРО ФОРУМИ (+фоторепортаж)


17.11.2019   1623

Халқаро талабалар куни муносабати билан Андижонда ўтказилаётган талаба-ёшлар Халқаро форумида 250 дан зиёд Республикамиздаги барча олий таълим муассасаларидаги фаол ва иқтидорли талабалар иштирок этмоқда. Шунингдек, қўшни Қирғизистон Республикасидан ҳам ёшлар қатнашмоқда.

Меҳмонлар Боғи Бобур боғида бўлишиб, музей ҳамда янги қурилган масжит биносини томоша қилишди. Шундан сўнг ҳайвонот боғига саёҳат уюштирилди. Қисқа фурсатда 1000 дан ортиқ намунавий уйлар қурилган “Мустақилликнинг 27 йиллиги” маҳалласи ҳам ёшларда катта қизиқиш уйғотди.

- Шундай катта маҳаллага оз вақт ичида асос солингани мени ҳайратга солди, - дея таассуротларини ўртоқлашди Нукус шаҳридан келган талаба Меҳрибону Юлибоева. – Барчаси эртакдагидек гўё. Мен андижонликларнинг бунёдкорлигига тан бердим. Форум ҳақида гапирсам ҳаммаси учун ташкилотчиларга рахмат. Кўплаб дўстлар орттирдим. Қирғизистонлик Асал исмли қиз билан дугона тутиндик.

Хонобод шаҳрининг сўлим Кампирровот маҳалласида жойлашган Оловуддин болалар ёзги дам олиш оромгоҳида гулхан атрофида байрам тадбири ташкил этилди. Унда иштирок этган вилоят ҳокими Шуҳратбек Абдураҳмонов ёшларни байрам билан табриклаб, форум ташкил этиш тарихи ҳақида гапириб берди. Шунингдек, юртимизда ёшларга қаратилаётган эътибор ҳамда эртанинг эгаларидан кутилаётган натижалар ҳусусида сўз юритди.

- Андижонга биринчи маротаба келишим, - дейди Қўқон давлат университети талабаси Исмоилжон Акбаров. – Жуда гўзал вилоят экан. Хонободга келгунча бунёдкорлик ишларини кўрдик. Университетимиздаги қарийб 700 талаба ичидан танланганимдан хурсандман.

Турли хил интеллектуал ва халқ ўйинлари, викториналар, кўнгилочар дастурларда талабалар фаол иштирок этдилар. Жўр бўлиб айтилган ватан, юрт ҳақидаги қўшиқлар ёшлар қалбида бир умрга сақланиб қолиши шубҳасиз.

аuz.uz онлайн гуруҳи