ЖАМИЯТ

АНДИЖОН ШАҲРИГА СУЮЛТИРИЛГАН ГАЗ ЎЗ ВАҚТИДА ЕТКАЗИБ БЕРИЛАДИ


27.03.2020   1369

Андижон вилояти ҳокимлиги матбуот хизматининг хабар беришича, вилоят аҳолисининг санитария-эпидемиологик осойишталиги ва хавфсизлигини таъминлаш, фуқароларнинг ҳаёти ва соғлиғини ҳимоя қилиш ҳамда коронавирус инфекциясининг вилоят ҳудуди бўйлаб тарқалишини олдини олиш мақсадида вилоят ҳокимининг 2020 йил 26 мартдаги фармойиши билан, 2020 йил 27 март куни соат 00:01 дан бошлаб, Андижон шаҳрига вилоятнинг барча ҳудудларидан кириш ва Андижон шаҳридан Республиканинг барча ҳудудларига, шу жумладан вилоят туманларига чиқиш ҳар қандай транспорт воситаларида (автобус, микроавтобус ва енгил автотранспорт) тўхтатилди.

Фармойишда Андижон шаҳрига кириш ва чиқишдаги чекловлар юк ташиш билан боғлиқ ҳолларга, шунингдек, Андижон шаҳрида доимий яшовчи (рўйхатдан ўтган) шахсларга Андижон шаҳрига кириш учун, вилоят туманларидан Андижон шаҳридаги маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, ҳуқуқ-тартибот идоралари, бошқарма, идора ва ташкилот (нодавлат ташкилот)ларда меҳнат (хизмат) фаолиятини амалга ошираётган раҳбар ва ходимлар, шифокор ва ҳамширалар, давлат санитария ва эпидемиологик осойишталик маркази ходимлари ҳамда вилоят ҳокимининг алоҳида топшириғига асосан вилоят туманларига бириктирилган маъсул ходимларига нисбатан татбиқ этилмаслиги белгилаб қўйилди.

Андижон шаҳрида 48 696 та суюлтирилган газ истеъмолчиси мавжуд бўлиб, 65 979 та маиший газ баллонлари мавжуд. “Ҳудудгаз Андижон” МЧЖ шуни маълум қиладики, карантин даврида Андижон шаҳри ва вилоятнинг бошқа ҳудудларидаги суюлтирилган газ истеъмолчиларнинг таъминотида узилишлар бўлмайди. Барча маҳаллаларга белгиланган график асосида ўз вақтида маиший газ баллонларини алмаштириш таъминланади.

“Ҳудудгаз Андижон” МЧЖ ўз истеъмолчиларига Жамият томонидан “Call-марказ” ташкил этилганлигини ҳамда карантин даврида табиий ёки суюлтирилган газ таъминотига доир муаммоларга дуч келгандаёки газ идораси ходимларининг ниқобсиз ёки махсус тиббий воситаларсиз хизмат қилаётганига гувоҳ бўлганларида“Ҳудудгаз Андижон” МЧЖнинг (95) 202 01 04; - (95) 203 01 04 “Ишонч телефонлари”га мурожаат қилишлари мумкинлигини эслатиб ўтади.

“Ҳудудгаз Андижон” МЧЖ матбуот хизмати