Андижон 24

АНДИЖОН ШАҲРИДАГИ МАРКАЗИЙ ДЕҲҚОН БОЗОРИДА ҚИШЛОҚ ХЎЖАЛИГИ МАҲСУЛОТЛАРИ ЯРМАРКАСИ ОЧИЛДИ


10.08.2019   2907

Мана бир неча йилдирки, юртимизда турли байрамлар олдидан аҳолига қулайлик яратиш мақсадида арзонлаштирилган қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ярмаркаларини ташкил этиш анъанага айланиб улгурди.

Бундай савдо нуқталарида аҳолига ноз-неъматлар бозорларга нисбатан анча арзон нархларда сотилганлиги боис юрдошларимизнинг кўпчилиги мазкур ярмаркаларни ташкил этилишини интизорлик билан кутади.

Навбатдаги ярмарка Қурбон хайити муносабати билан вилоят бозорлари ва савдо мажмуалари уюшмаси, шаҳар иқтисодий жиноятларни олдини олиш департаменти ҳамда шаҳар ҳокимлиги ҳамкорлигида Эски шаҳар ҳудудидаги Марказий деҳқон бозорида ўз фаолиятини бошлади.

Унда 24 турдаги маҳсулотлар харидорларга арзон нарҳда тақдим этилмоқда.

- Маҳсулотларнинг арзонлиги боис кўпчилик сифатсиз деб ўйлаши аниқ, - дейди ҳаридорлардан бири Моҳигулхон Араббоева. – Лекин ундай эмаслигини, сифатининг яхшилигини фойдаланиб кўрган кишилар яхши билишади. Бугунги муборак кунда мазкур ярмарканинг ташкил этилганлиги, ҳақиқий байрам туҳфаси бўлди, десам адашмайман. Чунки дастурхонга ҳам арзон, ҳам сифатли озиқалар тортиқ қилинади.

Шунингдек, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ярмаркалари вилоятимизнинг барча деҳқон бозорларида ҳам ташкил этилган бўлиб, улар жорий йилнинг 5 сентябрига қадар давом этади.