Андижон 24

АНДИЖОН ОСМОНИДА МАМЛАКАТИМИЗ РАМЗИ


29.08.2019   3409

Ўзбекистон Республикасининг давлат байроғи Андижон узра ҳилпирай бошлади. Йигирма қаватли бинога бўйлашадиган, баландлиги 64 метрдан иборат бўлган махсус устуннинг энг чўққисига мустаҳкамланган байроқ кўҳна Эски шаҳри ҳудудида, вилоят ҳокимлиги ёнидаги ҳиёбонга ўрнатилди. Узунлиги 14, эни 7,5 метрга тенг. Унинг оғирлиги эса 33 килограммни ташкил этади.

Мамлакат байроғи бу оддий тимсол эмас, балки ўша маконда асрлар давомида яшаб келган миллат руҳини ифода этувчи бутун бир фалсафа ҳисобланади. У ўзидашу ўлканинг тарихи, маданий меъроси, қадим анъанаси ва бугунги мафкурасини мужассам этади. Байроқнинг ҳар бир таркибий қисмида алоҳида маъно зуҳрланган.

Гарчи давлат байроқлари расман урф бўлганлигига 300 йил тўлди, дейилсада, бизнинг диёримизда бу анъана мозийга бориб тақалади. Буюк Соҳибқирон 1370 йилда асос солган Турон салтанатининг ўз рамзи – Темур туғи ва тамғаси жорий қилинган эди.

Мустақил Ўзбекистонимиз дунё ҳамжамиятининг тўлақонли аъзосисифатида эътироф этилгач, 1991 йилнинг 18 ноябрида Давлат байроғи қабул қилинди. У халқаро муносабатларда Ўзбекистон Республикасининг тимсоли ҳисобланади.

Байроқдаги тўқ мовий ранг мангу осмон ва обиҳаёт рамзи бўлиб, бу — яхшиликни, донишмандликни, ҳалолликни, шон-шуҳрат ва садоқатни билдиради. Амир Темур давлати байроғининг ранги ҳам мовий рангда эди.

Оқ ранг – муқаддас тинчлик рамзи бўлиб, поклик, беғуборлик, софлик, ички гўзалликка интилишнинг тимсоли. Яшил ранг – табиатнинг янгиланиш рамзи. Қизил чизиқлар эса томиримизда жўшиб оқаётган аждодлар қони — ҳаётий қудрат, барқарорлик ва бардавомлик нишонасидир.

Навқирон ярим ой тасвири бизнинг тарихий анъаналаримиз билан боғлиқ бўлиб, у қўлга киритилган мустақиллигимиз рамзи саналади.
Ўзбекистон Республикаси Давлат байроғидаги 12 юлдуз тасвири ҳам тарихий анъаналаримиз, қадимги йилномамизга бевосита алоқадор. Ўн икки юлдузга бўлган эътибор Ватанимиз сарҳадидаги қадимги давлатлар илмий тафаккурида “Нужум илми” тараққий этганлиги билан изоҳланади.

Давлат байроғи Ўзбекистон Республикасининг 1991 йил 18 ноябрдаги «Ўзбекистон Республикасининг Давлат байроғи тўғрисида»ги Қонуни билан тасдиқланган.

Вилоятимизда юздан ортиқ миллат ва элат вакиллари истиқомат қилади. Фуқароларимизни келиб чиқишидан қатъи назар ягона мақсад, ягона ғоя ва давлат байроғи бирлаштиради. Уни янада юксалтириш, мамлакат довруғини ошириш, жонажон Ўзбекистонимизга бўлган фахр-ифтихор туйғуларини элларга улашишдан чарчамайлик.

аuz.uz online гуруҳи.