ЖАМИЯТ

АНДИЖОН МАШИНАСОЗЛИК ИНСТИТУТИДА РЕСПУБЛИКА МИҚЁСИДАГИ ИЛМИЙ АМАЛИЙ АНЖУМАН ЎТКАЗИЛДИ


26.06.2019   2088

АНДИЖОН (auz.uz). Андижон машинасозлик институтида вилоят ҳокимлиги ҳамкорлигида "Замонавий илм-фаннинг инновацион ривожланиши" мавзусидаги Республика илмий-амалий анжумани ўтказилди. Бу ҳақда Андижон машинасозлик институти матбуот ва ахборот хизмати ходими Хайрулло Васиев хабар бермоқда.

Унда мамлакатимизнинг кўзга кўринган таниқли олимлари ва профессор-ўқитувчилари, докторантлар, илмий-тадқиқотчилар, магистрант ва иқтидорли талабалар иштирок этдилар.

Анжуманни кириш сўзи билан очган институт ректори Акмалжон Эрматов юртимизда амалга оширилаётган улкан ўзгаришларнинг асосий қисми таълим, илм-фанга қаратилганлиги бежиз эмаслиги, илм-фанни чуқур ўрганиш ҳамда ҳаётга тўлақонли тадбиқ этиш орқали мамлакатнинг иқтисодий даражасини ўстиришга жуда катта ҳисса қўшиш мумкинлиги ва бу бугунги кунда олимлар олдига қўйилган энг устивор вазифалардан бири эканлиги тўғрисида сўз юритди. Кўзланган натижага эришиш учун эса мана шундай илмий анжуманларни тез-тез ташкил этиб, республикамиздаги барча олимларни ўзаро фикрва тажриба алмашишлари учун имкон яратиб бериш жуда муҳим эканлигини алоҳида таъкидлаб ўтди.

Анжуман Техника фанлари йўналиши, аниқ ва табиий фанлар, иқтисодиёт фанлари ҳамда гуманитар фанлар каби илмий йўналишларда ўз ишини давом эттирди.

Анжуман давомида Халқаро таълим лойихаларини ривожлантириш стратегияси”, “Нанотизимлардаги квант динамикасининг тезланиши”, “Ультрамайдадонсимон материаллар олишнинг истиқболли йўналишлари” ва “Ўзбекистонда ахборот коммуникация технологияларининг хозирги холати ва ривожланиш истиқболлари” каби долзарб мавзулар юзасидан маърузалари тингландива ўзаро фикр алмашилди.

Шунингдек, анжуманда замонавий ишлаб чиқаришни ташкил қилишдаги ечимини кутаётган муаммолар, инновацион технологиялар, муқобил ва қайта тикланувчи энергия манбааларидан самарали фойдаланиш, хаётий фаолият хавфсизлиги каби масалалар юзасидан ўзаро бахс муноазара ҳам бўлиб ўтди.