Андижон 24

АНДИЖОН МАШИНАСОЗЛИК ИНСТИТУТИ 60 МИНГ ДОЛЛАР МИҚДОРИДАГИ ХАЛҚАРО ГРАНТ ҒОЛИБИ БЎЛДИ


19.04.2019   9833

Андижон машинасозлик институтининг “Ўзбекистонда “Мехатроника ва робототехника” бакалавриат таълим йўналишини инновацион ғоялар ва рақамли технологиялар асосида модернизация қилиш” мавзусидаги лойиҳаси Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг Академик инновациялар фонди Гранти танловида муваффақиятли иштирок этиб, ғолиблар қаторидан жой эгаллади.


Институт ректори Ўктам Саломовнинг айтишича, лойиҳанинг умумий миқдори 60 минг АҚШ долларини ташкил этади ва у Жаҳон банки томонидан “Олий таълим муассасаларининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш” лойиҳаси доирасида молиялаштирилади.

Лойиҳани амалга ошириш ишлари жорий йилнинг март ойидан “Мехатроника ва робототехника” йўналиши бўйича жаҳоннинг етакчи Олий таълим муассасалари ва “GM Uzbekistan” акциядорлик жамияти ҳамкорлигида бошлаб юборилган бўлиб, давомийлиги 16 ой муддатга белгиланган. Лойиҳа координатори этиб “Машинасозлик ишлаб чиқаришни автоматлаштириш” кафедраси мудири, доцент Ё.Қурбонов, ишчи гуруҳ таркибига институт педагоглари Ж.Рахматуллаев, О.Парпиев ва Ф.Думахоновлар киритилган.

Лойиҳанинг асосий мақсади юртимизда замонавий технологик муаммоларни (саноат 4.0) ҳал қила оладиган янги авлод муҳандисларини инновацион таълим асосида тайёрлаш бўйича ўқув дастурларини ишлаб чиқиш ва модернизация қилишдан иборат.

Лойиҳа давомида Санкт-Петербург политехника ва Шимолий Хитой технологиялар университетларида институт профессор-ўқитувчиларининг малакасини ошириш, ўқув ва илмий лабораторияларини яратиш, яқин истиқболдаги соҳаларни ривожланишини инобатга олган ҳолда “Форсайт - мехатроника” марказини яратиш, аёл тадқиқотчиларни қўллаб-қувватлаш, веб-сайт яратиш каби ишларни амалга оширилиши кўзда тутилган