Андижон 24

АНДИЖОН ҲУНАРМАНДЛАРИ ФАХРИМИЗ, - ДЕЙДИ “ҲУНАРМАД” УЮШМАСИ АНДИЖОН ВИЛОЯТИ БОШҚАРМАСИ БОШЛИҒИ ШАҲЛО СОЛИЕВА


14.09.2019   1154

– Улар яратган ҳунармандчилик маҳсулотлари бугунги кунда сайёҳларнинг шахсий коллекцияларида, мамлакатимиз ва бошқа хорижий давлатлар музейларида жой олганлиги бунга асос бўлади.

Бошқарма фаолияти ҳақида маълумотлар келтиришдан олдин унга раҳбарлик қилиб келаётган ва ёш бўлишига қарамасдан тажрибали, иқтисодий билимга эга мутахассис ҳақида қисқача тўхталишни афзал билдик.

Шаҳло Пахтаобод туманида таваллуд топди. Болалигидан ташаббускор, ташкилотчи, ўткир зеҳнли, талабчан қиз бўлган. Андижон муҳандислик иқтисодиёт институтининг молия йўналишини битирди. Меҳнат фаолиятини банк тизимида бошлади. 2018 йилдан “Ҳунармад” уюшмаси Андижон вилояти бошқармаси бошлиғи вазифасида ишлаб келмоқда.

Президентимизнинг 2017 йил 17 ноябрдаги "Ҳунармандчиликни янада ривожлантириш ва ҳунармандларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида"ги Фармони оилавий тадбиркорлик, ҳунармандчилик билан шуғулланаётган инсонларга шарт-шароитлар яратишга янада кенг имкониятлар эшигини очди. Бу тарихий ҳужжат халқ амалий санъатини янги босқичга олиб чиқиш билан бирга аҳоли даромадларининг ошишига туртки бўлди. Азалдан ҳунарманд ва яратувчан бўлган халқимизнинг меҳнати маҳсули бўлган каштачилик, заргарлик, ўймакорлик, зардўзлик, ҳайкалтарошлик нафақат шу юртда яшайдиган одамларни, балки бутун дунёни ўзига ром этиб келган. Мазкур фармонда "Ҳунарманд" уюшмаси аъзоларига имтиёзли кредитлар бериш, қатор имтиёз ва преференциялар кўзда тутилганлиги соҳа ривожига хизмат қилиш билан бирга уюшманинг ўрни ва нуфузини ҳам оширди.

Фармонга қадар вилоятимизда аъзолар сони 882 нафарни ташкил этган бўлса, бугунги кунда қарийб 4.5 баробарга ошди ва 3 минг 975 тага етди. Жорий йилнинг ўзида 1 минг 252 нафар ҳунарманд уюшма аъзолигига жалб этилди. Айни дамда яна икки мингдан зиёди рўйхатга олинган. Улар ҳам босқичма-босқич уюшма аъзолигига ўтказилади. Шогирдларга мустақил фаолиятини йўлга қўйиши учун бизнес режалар тайёрлаш, кредит маблағларига эга бўлиш масалаларида амалий ёрдам кўрсатилмоқда.

Фармонга кўра, ҳунармандчиликни ривожлантириш учун 9.4 млрд. сўмлик банк кредити ҳисобига 314 та лойиҳа амалга оширилиши белгиланган. 2019 йилнинг 1 январь ҳолатига 21.6 млрд. сўм кредит ҳисобига805 та лойиҳа амалга оширилди. Натижада 1 минг 852 нафар фуқаро бандлиги таъминланди.

Жорий йилда ҳунармандчиликни ривожлантириш ҳисобига умумий қиймати 18.8 млрд. сўмлик 516 та қўшимча лойиҳанинг манзилли рўйхати шакллантирилди. Июль ойи ҳолатига банклар томонидан 11 млрд. сўм ажратилиб, 341 та лойиҳа йўлга қўйилди. Қолганлари устида иш олиб борилмоқда.

Республика Президентининг “2019 йилда аҳоли бандлигини таъминлаш ва янги иш ўринларини ташкил этиш бўйича давлат бюртмаси тўғрисида”ги Қарори бўйича ҳунармандчиликни ривожлантириш ҳисобига вилоятимизда 3 минг 829 та янги иш ўринлари яратиш режаси белгиланган. Аъзо ҳунармандлар ҳисобига 1 минг 609, шогирдлар ҳисобига 2 минг 364 та яратилди. Йиллик режа ярим йилликда 104 фоизга бажарилиб, республика вилоятлари орасида юқори натижага эришилди. Айни дамда янги иш ўринлари барпо этиш давом этмоқда.

Ҳунармандчилик объектларини ишга тушириш юзасидан ҳам белгиланган вазифалар уддалиб келинмоқда. Андижон шаҳридаги “Жомъе” комплексида “Ҳунармандчиликка кўмаклашиш маркази” ташкил этилиб, 50 нафардан зиёд ҳунарманд фаолият юритмоқда. “Аҳмадбекхожи меҳмонхонаси” тарихий-архитектура биноси ҳамда Шаҳрихонда ҳам шундай марказлар фаолияти юритади.

Шаҳрихондаги миллий пичоқчилик устаси Р.Алихўжаев, Андижон шаҳридаги мисгар устаси И.Қўчқоров, миллий мусиқа асбоблари устаси А.Мадраҳимов, Олтинкўл туман Жалабек қишлоғидаги кулол М.Абдуваҳобовлар уйида музей-устахона ташкил этиш белгиланган. Айни кунда уларнинг 3 таси иш бошлади ва ёшлар “Уста-шогирд” анъанаси асосида ҳунарга ўргатилмоқда.

- Вилоятимизнинг ҳар бир туманида ўзига хос ҳунармандлик йўналишлари ривожланган, - дейди Шаҳло Солиева. – Шаҳрихонлик Холматҳўжа Аллаҳўжаев ўзининг пичоқлари билан машҳур бўлса, Избосканда ёғоч ўймакорлиги бўйича Ўтагановлар сулоласи дунёга танилган, десам ҳато қилмайман. Турли йўналишларда фаолият олиб бораётган ҳунармандларнинг муаммоларини ҳал этиш, рағбатлантириш ва бирлаштириш мақсадида олиб бораётган ишларимиз самара бермоқда. Ҳунармандларимиз яратаётган намуналар ҳам шундан дарак беради. Шавкатбек Йўлдошев ёғоч ўймакорлик, Мариямхон Эрғозиева дўппидўзлик, Мингхожиддин Қосимовнинг ҳаттотлик, Низомиддин Эрғозиевнинг қўғирчоқбозлик, Муслима Мирзаеванинг тўқувчилик, Латофатхон Тўланованинг зардўзлик маҳсулотлари миллий анъаналар ва замонавий услублар билан уйғунлашган.

Ҳунармандлар Наврўз, Мустақиллик байрамлари муносабати билан ўтказиб келинаётган тадбирларда ва турли кўрик-танловларда фаол иштирок этишмоқда. Президент соврини учун ҳар йили ўтказиладиган «Ташаббус» кўрик-танлови, “Ёш ижодкорлар”, “Уста-шогирд” кўргазмалари, “Ўзбекистон халқ амалий санъати – дунё нигоҳида”, “Мустақиллик нафасида камол топган ҳунармандлар”, “Халқ истеъмол товарлари кўргазма савдоси”, “Ёш кулолларнинг республика кўргазмаси”, “Мустақил юрт ҳунармандлари”, “Ипак ва зираворлар”, “Атлас байрами” фестиваллари, “Ватаним тараққиётига менинг ҳиссам”, “Юрт истиқболи”, “Ёш тадбиркор – юртга мададкор”, “Йилнинг энг фаол ёш мутахассиси”, “Менинг бизнес ғоям” каби танловларда муносиб ўринларни қўлга киритаётгани қувонарлидир.

Шаҳрисабзда ўтган Халқаро мақом санъати анжумани, Термиз шаҳридаги I Халқаро бахшичилик санъати фестивали, Бухорода бўлган анъанавий XVIII ипак ва зираворлар, “Бойсун баҳори”, “Хонобод таровати” фестивалларида муваффақиятли иштироки учун ташкилотчиларнинг ташаккурнома, диплом, сертификатлари билан тақдирланди.

- Ҳали олдинда қиладиган ишларимиз кўп, - дея сўзларини давом эттирди суҳбатдошимиз. - Юртимиздаҳунармандчилик қадимдан тараққий этган. Аждодларимиз ушбу соҳанинг кўплаб турлари билан фаол шуғулланган. Халқимиз ҳунар ўрганиб, буюмлар яратиш, кудалик ҳаётда асқатадиган жиҳозлар тайёрлаш ва меҳнати билан одамларга наф келтиришни қадрият даражасига кўтарган. Ҳунармандчиликнинг у ёки бу йўналиши бир оила вакилларининг асосий машғулотига айланиши моҳир ҳунармандлар сулоласини вужудга келтирган. Жойларда ўзига хос мактаблар шаклланган. Бугунги кунда мамлакатимизда ҳунармандчиликнинг34 та йўналиши мавжуд. Биз уларни янада ривожлантириб, юртимиз довруғини дунёга танитамиз. Ёшларни шакллантириш орқали келгуси авлодга етказамиз. Бунинг учун барча имконият ва шароитлар етарли.

Халқимизда ҳунарли киши хор бўлмайди, деган гап бор. Бугун ўз ҳунари билан оиласини таъминлаётган, янгиликлар яратаётган ва меҳнат маҳсулини дунёга танитаётганлар сони ортиб бормоқда. Улар орасида вилоятимиз вакилларининг ҳам салмоқли улуши борлиги қувонарли. Бунда эл-юртга садоқат, ишига муҳаббат, ташкилотчилик, ташаббускорлик каби фазилатларнинг жамулжам бўлгани яққол намоён бўлмоқда.

Муроджон ТЎХТАНАЗАРОВ,

Шефие ИМАНКУЛОВА,

махсус мухбирларимиз.